Дунё

Дронлар Россиянинг бир нечта ҳудудига ҳужум қилди

Россиянинг Курск ва Белгород вилоятлари навбатдаги дронлар ҳужумига учради. Курск вилоятида хусусий уйга дрон зарбаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди, олти нафар фуқаро жароҳат олди. Белгород вилоятида эса яна икки киши жабрланган. Шу билан бирга, Москва томон учган учта дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилингани хабар қилинди.

Россиянинг бир қанча ҳудудларига дрон ҳужумлари уюштирилди.

Курск вилоятида учувчисиз учар аппаратлар (дронлар) иштирокидаги ҳужум натижасида бир киши ҳаётдан кўз юмди, олти нафар фуқаро эса турли даражадаги жароҳатлар олди. Бу ҳақда вилоят губернатори Александр Хинштейн хабар берди. Унинг сўзларига кўра, Болшесолдацкий туманидаги Козиревка қишлоғида жойлашган хусусий уйга дрон келиб урилган.

Белгород вилоятида ҳам дрон ҳужумлари оқибатида икки киши жабрланди. Вилоят тезкор штабининг маълумотларига кўра, Шебекино шаҳрида "Орлан" кўнгиллилар бўлинмаси жангчиларидан бири яраланган. Иккинчи жабрланувчи Маслова Пристан посёлкасида яшовчи эркак бўлиб, унинг автомобилига дрон ҳужум қилган. У мина портлаши натижасида жароҳат олган ва мустақил равишда шифохонага мурожаат қилган.

Россия пойтахти Москвага ҳам дрон ҳужуми уюштиришга уриниш бўлгани маълум қилинди. Москва мери Сергей Собяниннинг хабар беришича, 6-августга ўтар кечаси шаҳар томон ҳаракатланган учта учувчисиз аппарат ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан йўқ қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар ёки вайронагарчилик қайд этилмаган.

Шунингдек, Ярославл вилоятида ҳам дрон ҳужумлари хавфи эълон қилинди. Вилоят раҳбари Михаил Евраев Ярославл шаҳридан Москва йўналишига чиқиш қисмида транспорт ҳаракати вақтинча чекланганини маълум қилди. У аҳолидан ушбу йўналиш бўйлаб сафарларни кечиктиришни ёки айланма йўллардан фойдаланишни сўради.

russiaair defensedrone attackscasualtiesbelgorodmoscowkurskyaroslavl