Чорвоқ, Зомин ва Қамчиқ довони йўналишларида автобус ва микроавтобуслар учун алоҳида тартиб белгиланади
2027-йил 1-январдан 2030-йил 1-январгача фаол туризм йўналишида фойдаланиладиган автомобиллар, асбоб-ускуналар ва анжомлари импортини божхона божидан озод этиш таклиф этилмоқда.

Туризм қўмитаси томонидан фаол туризм турларини ривожлантиришга қаратилган қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.
Ушбу лойиҳага кўра, 2027-йил 1-январдан 2030-йил 1-январгача фаол туризм соҳасида ишлатиладиган автомобиллар, ускуналар ва жиҳозларни импорт қилиш божхона божидан озод этилиши таклиф қилинмоқда.
Бождан озод қилинадиган маҳсулотлар рўйхатига 40 га яқин турдаги воситалар киритилган. Буларга квадроцикллар, УТВ, ССВ ва багги каби йўлсиз транспорт воситалари, йўлтанламас автомобиллар, автокемперлар, гидроцикллар, шунингдек, парашютлар, парапланлар, делтапланлар, аеронавигация асбоблари, тоғ ва алпинизм анжомлари, сув туризми жиҳозлари, портатив рациялар ва бошқа шу каби воситалар киради.
Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида республиканинг тоғли ҳудудларида, хусусан, Чорвоқ, Зомин ва Қамчиқ довони йўналишларида автобус ва микроавтобуслар ҳаракати учун махсус тартиб жорий этилади. Бундан ташқари, Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда фаол туризм хизматларини суғурталаш бўйича хорижий тажрибага асосланган таклиф ишлаб чиқилади.

