Маҳаллий

Бухорода ўқишга киритишни ваъда қилган шахс ушланди

Бухоро вилоятида фуқарони тиббиёт йўналишига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 26 миллион сўм олган шахс тезкор тадбир давомида қўлга олинди. Унга нисбатан фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Бухорода ўқишга киритишни ваъда қилган шахс қўлга олинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қоракўл тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро Х.Т. ҳибсга олинди.

Терговга қадар текширув материалларига кўра, Х.Т. фуқаро Д.O.ning ишончига кириб, унга Қозоғистондаги олий таълим муассасаларидан бирида 1-3-курсларда таҳсил олганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлаб беришни ваъда қилган.

Бундан ташқари, у юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Бухоро инновацион таълим ва тиббиёт университетининг тиббиёт йўналишига 4-курсдан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 26 миллион сўм олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси (пора беришга далолат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда ушбу иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

taʼlimuniversitetqalbaki hujjatlarbuxorotergovporaxo‘rlikfiribgarlikqozog‘iston