Бухоро суди томонидан қидирувга берилган «ҳакер» Тошкентда ушланди
Дастлабки маълумотларга кўра, у 50 нафарга яқин фуқарони чув туширган бўлиши мумкин.

Бухоро суди томонидан қидирувга берилган "ҳакер" Тошкентда қўлга олинди.
Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан қидирувга берилган шахс ушланди.
Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган Р.Қ. тергов органларидан яширинганлиги сабабли унга нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган эди.
Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида у Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшириниб юрган вақтида Бухоро вилояти ИИБ КҚКБ масъул ходимлари томонидан қўлга олинди.
Қўлга олиш жараёнида унга тегишли мобил телефон холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ичида "Аппле Насия" ва "Ҳалол Насия Савдо" номли профиллар борлиги аниқланди ва улар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу шахс ижтимоий тармоқлардаги мазкур профиллар орқали 50 га яқин фуқарони алдаган бўлиши мумкин.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари ва қонуний чоралар кўрилмоқда.

