Спорт

“Бунёдкор” футбол клубига 5 миллиард сўм маблағ ажратилди

"Бунёдкор" футбол клубига 5 миллиард сўм ажратилди

Тошкентнинг "Бунёдкор" футбол жамоасига давлат томонидан молиявий кўмак берилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 24-мартдаги ПҚ-107-сонли "Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субьектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, пойтахт клубига 5 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилган.

Клуб матбуот хизматининг таъкидлашича, ушбу ёрдам туфайли жамоа Суперлиганинг кейинги ўйинларига белгиланган режа асосида тайёргарликни давом эттирмоқда.

Шунингдек, хабарда клуб қийин вазиятда жамоани қўллаб-қувватлаган барча мухлислар, блогерлар, спорт оммавий ахборот воситалари ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа футбол клубларига миннатдорчилик билдиргани қайд этилган. Хусусан, жамоа "Пахтакор", "Сурхон", "Бухоро", "Навбаҳор" ҳамда "Олимпик мобиуз" клубларига алоҳида ташаккур изҳор қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Бунёдкор" футбол клуби йўл харажатлари ва меҳмонхона учун маблағ йўқлиги сабабли 15-тур доирасидаги "Қизилқум"га қарши сафар ўйинига бора олмаслигини эълон қилган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон профессионал футбол лигаси регламентга мувофиқ пойтахт клубига техник мағлубият ёзилишини маълум қилганди.

uzbekistanfootballsportsgovernment supportfinancial aidfundingsuper leaguebunyodkor