“Болаларимни сиёсатга яқинлаштирмайман” — Қирғизистон президенти қизи оммага кўриниш бергани ҳақида

“Болаларимни сиёсатга яқинлаштирмайман” — Қирғизистон президенти қизи омма олдида кўриниш бергани ҳақида

Қирғизистон президенти Садир Жапаров қизи Жанайимнинг омма олдида кўриниш бергани билан боғлиқ гап-сўзларга жавоб берди. Ижтимоий тармоқларда давлат раҳбарининг қизи “Олтин болалик” марказида болаларга совғалар тарқатаётганини акс эттирган видео тарқалган эди. Бу ҳақда “АКИпресс” хабар берди.

“Кабар” агентлиги президентдан бу пиар аксиями ёки болаларни сиёсатга жалб қилишми, деб сўради.

“Бу пиар ёки болаларни сиёсатга жалб қилиш билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мен фарзандларим ёки яқинларимнинг сиёсатга ва давлат ишларига аралашишига йўл қўймайман. Агар шундай бўлганида, аллақачон маълум бўларди”, деб жавоб берди президент.

Жапаровнинг сўзларига кўра, ўнлаб йиллар давомида қурилиши тугалланмай қолган “Олтин болалик” болалар реабилитация маркази унинг буйруғи билан якунланган. Марказ уч йил аввал қуриб битказилган ва тўлиқ жиҳозланган. Бу марказнинг мақсади ҳудудлардаги, айниқса, кам таъминланган оилалар фарзандларига ёзги таътилни ташкил этиш ва уларга хурсандчилик улашишдир.

Ҳар йили бу ерга мамлакатнинг турли чеккаларидан болалар келиб дам олади. Биринчи хоним Айгул Жапарова ҳам ҳар йили бу ерга келиб, болаларга совғалар беради. Бу сафар ҳам шундай бўлиши керак эди.

Президентнинг тушунтиришича, ўша куни у рафиқаси билан қудаларнинг таклифига кўра меҳмондорчиликка кетган. Шунда Айгул Жапарова қизига: “Тадбир якшанба кунига режалаштирилган эди, болалар кутяпти. Уларни хафа қилма, бориб совғаларни бер”, деган. Жанайим бориб, болалар учун тайёрланган шорти ва футболкаларни тарқатишга ёрдам берган ва дарҳол у ердан кетган.

Президентнинг сўзларига кўра, у ерда ОАВ вакиллари бўлмаган. Ҳеч ким бу тадбирни оммага кўрсатишни режалаштирмаган, ҳамма нарса шов-шувсиз бажарилиши кўзда тутилган.

“Бироқ у ердаги одамлардан кимдир буни телефонга олиб, видеони ижтимоий тармоққа жойлаган. Шунинг учун бу вазиятга сиёсий маъно беришга ҳожат йўқ”, деди Садир Жапаров.

Аввалроқ Садир Жапаровга 8-10 йиллик президентлик муддатини бериш таклиф қилингани ҳақида хабар берилганди.

siyosatqirg‘izistonsadir japarovbolalaroltin bolalikijtimoiy tarmoqlarpiarreabilitatsiya markazi