Биометрик маълумотларни чет элда сақлашга чеклов белгиланди
Ўзбекистонда банклар, тўлов тизимлари операторлари, тўлов хизматлари кўрсатувчилари ҳамда кредит бюролари мижозларни идентификация қилишда фойдаланадиган биометрик маълумотларни фақат республика ҳудудида сақлаши шарт бўлади. Бу талаб Марказий банкнинг янги қарори билан белгиланди.

Биометрик маълумотларни хорижда сақлашга чеклов жорий этилди.
Марказий банк бошқаруви томонидан қабул қилинган қарорга асосан, айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, мижозларни идентификация ва аутентификация қилишда қўлланиладиган жисмоний шахсларнинг биометрик маълумотлари фақат Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт этиб белгиланди.
Ушбу янги талаб тўлов тизимлари операторлари, тўлов хизматлари етказиб берувчилар, факторинг электрон платформалари ҳамда кредит бюролари фаолиятига тааллуқлидир.
Шу билан бирга, ҳужжатда мижозларга тегишли биометрик бўлмаган бошқа турдаги шахсга доир маълумотлар "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги қонун талабларига мувофиқ Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳам сақланиши ва уларга ишлов берилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Марказий банкнинг мазкур қарори Адлия вазирлигида 2026-йил 1-августда давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирган.

