Ўзбекистонда миллий тўлов свитчини 2027-йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда 2027-йилда миллий тўлов свитчи тизимини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу тизим барча миллий валютадаги тўловларни қайта ишлашга мўлжалланган. Бу ҳақда Марказий банкнинг Тўлов тизимларини ривожлантириш департаменти раҳбари Жамшид Усмонов Спот нашрига берган интервюсида маълум қилди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа президент қарори билан тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилмоқда. Ҳозирда тизимни жорий этиш учун зарур бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда. Техник имплементация ишлари кейинги босқичларда амалга оширилади.
Марказий банк вакилининг таъкидлашича, миллий тўлов свитчи мамлакат ичидаги операциялар учун ягона инфратузилмага айланади. Ҳозирда халқаро банк карталари орқали амалга ошириладиган айрим транзаксиялар хориждаги процессинг марказларида қайта ишланаётган бўлса, янги тизим бундай операцияларни Ўзбекистон ҳудудида қайта ишлаш имконини беради.
Жамшид Усмоновнинг сўзларига кўра, "Миллий свитч хорижий компанияларга қарамликни камайтиради ва тўловларга оид маълумотларни мамлакат ичида қайта ишлаш имконини яратади".
Шунингдек, у янги тизим тўлов инфратузилмасининг барқарорлиги ва маълумотлар ҳимояси даражасини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йил июл ойидан Ягона УзҚР тизими ишга тушганди. Марказий банкнинг маълум қилишича, 0,65 фоизлик ягона тариф харидорлардан эмас, балки савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналаридан ундирилади.
Ягона УзҚР тизими исталган банк ёки тўлов иловаси орқали битта ҚР код ёрдамида тўловни амалга ошириш имконини беради. Унинг мақсади турли банк ва тўлов хизматлари ўртасидаги интеграцияни кенгайтириш ҳамда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантиришдан иборат.

