Маҳаллий

Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлигига старт берилди

Ойликдан кўзланган мақсад аҳолининг Барқарор ривожланиш мақсадларига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш ва умумий мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборат.

Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлигига старт берилди

6-август куни Олий Мажлис Сенатида "Барқарор ривожланиш мақсадлари: миллий тараққиётнинг янги босқичи" мавзусида конференсия бўлиб ўтди ва шу билан Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги расман бошланди.

Ушбу тадбирда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, Парламентлараро иттифоқ котибияти раҳбарияти, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Конференсияни Олий Мажлис Сенати раиси, шунингдек, Барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030-йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Норбоева очиб берди.

Сенат раиси ўз нутқида Барқарор ривожланиш мақсадлари Ўзбекистон учун шунчаки халқаро мажбурият эмас, балки аҳоли ҳаёт сифатини яхшилаш, ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик ва келажак авлодлар учун мустаҳкам пойдевор яратишга қаратилган миллий тараққиёт дастурининг муҳим қисмига айланганини таъкидлади. У, шунингдек, Президент ташаббуси билан барқарор ривожланиш мақсадлари "Ўзбекистон – 2030" стратегияси билан тўлиқ уйғунлаштирилгани, уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари мустаҳкамланганини қайд этди.

Маълум қилинишича, Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида республика бўйлаб юзлаб тадбирлар ташкил этилади. Хусусан, парламент эшитувлари, маҳаллий Кенгашлар сессиялари, илмий-амалий конференсиялар, форумлар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ва маҳаллаларда учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда махсус медиа-лойиҳалар амалга оширилади.

Таъкидланишича, ойликдан кўзланган асосий мақсад аҳолининг Барқарор ривожланиш мақсадларига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш ва умумий мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборат.

Конференсияда сўзга чиққан миллий ва хорижий экспертлар Ўзбекистон 16 та миллий Барқарор ривожланиш мақсади ва 126 та вазифани қабул қилгани, уларнинг барчаси "Ўзбекистон – 2030" стратегияси устувор йўналишлари билан уйғунлаштирилганини қайд этди.

Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичларининг 70 фоиздан ортиғи бўйича ижобий силжишларга эришилган, 45 фоизи бўйича эса белгиланган мақсадлар тўлиқ бажарилган.

Хусусан, камбағаллик даражаси 2021-йилдаги 17 фоиздан 2025-йил якунига келиб 5,8 фоизгача камайган. Мактабгача таълим билан қамров 27,7 фоиздан 78 фоизга, олий таълим билан қамров эса 8,3 фоиздан 47,7 фоизга етган. Шунингдек, давлат бошқарувида хотин-қизлар улуши 35 фоизга етган бўлса, Қонунчилик палатасида бу кўрсаткич 38 фоизни, маҳаллий Кенгашларда эса 32,5 фоизни ташкил этмоқда.

Тадбирда қайд этилишича, олиб борилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон 2026-йилги Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида 167 давлат орасида 65-ўринни эгаллаган.

uzbekistan-2030 strategysustainable development goalseducation accessparliamentary commissionnational developmentpoverty reductioninternational cooperationgender equality