“Аввал раққосалардан рашк қилган аёлим ҳозир мени уйлантириб қўйишга қодир” — Анвар Собиров давлат ишидаги фаолияти ва ўғил тарбиясидаги хатоси ҳақида гапирди

“Аввал раққосалардан рашк қилган аёлим ҳозир мени уйлантириб қўйишга қодир” — Анвар Собиров давлат ишидаги фаолияти ва ўғил тарбиясидаги хатоси ҳақида гапирди
Хонанда ва актёр Анвар Собиров “Чотки ТВ” ЁуТубе каналига берган интервюсида ижодий танаффуслари, давлат хизматидаги фаолияти, фарзанд тарбиясида йўл қўйган хатолари ва оилавий ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.
**“Санъаткорлар саҳнага чиқиб, муаммоларини айтиши керак эмас”**
— Инсон ҳеч қачон ўз хатоларида бошқаларни айбламаслиги керак. Чуқурроқ ўйлаб қаралса, четдагиларнинг айби бўлса ҳам, асосий хато ўзингизда бўлади. Иймонли, виждонли одам айбни авваламбор ўзидан қидиради. Тўғри, ижодимда катта танаффуслар бўлди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Балки, бу сабаблар томошабинларга қизиқ ҳам эмасдир. Умуман олганда, санъаткорнинг муаммоси мухлисга қизиқ эмас. Қайси маънодаки, у барибир сиздан ижод — янги қўшиқ кутади.
Шу сабабли санъаткор саҳнага чиқиб, муаммосини айтиши шарт эмас. Санъат аҳлининг ҳаётдаги миссияси — бироз қайғуга ботган, ҳаёт зарбаларидан ҳориган инсонларнинг кўнглини кўтариш, яхши кайфият улашишдан иборат. Шу касб эгаси бўлганим ҳолда, уларга қувонч улашиш ўрнига чиқиб дардимни айцам, унда ким уларнинг кўнглини кўтаради, филмлардаги роллари билан тўғри йўлга қайтаради, дейди у.
**“Ҳақиқий санъаткорларни санъатнинг хумори тутади”**
Анвар Собиров бир муддат давлат ишида ҳам фаолият юритди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш бўлими бошлиғи лавозимида икки йил ишлаган хонанда ижоддан узоқлашиб қолгани сабаб раҳбарлик вазифасидан озод этишини илтимос қилганини айтади.
— Бундан икки йил аввал давлат ишига кирганимда томошабинлар: “Бўлди, бу ҳам Озодбек Назарбековдек давлат ишига ўтди. Энди бу ёғига консерт ҳам йўқ, тўйларга ҳам чиқмайди. Сиёсий карьера қилишга ўтди шекилли”, дейишди. Шундан кейин тўйларим тақа-тақ тўхтаб қолди. Одамлар: “Анвар Собировга қанча пул берсанг ҳам энди тўйларга келмас экан”, деб гап тарқатиб юборишди.
Аслида ундай бўлгани йўқ. Ҳақиқатдан ҳам давлат ишида жуда катта масъулият билан ишладим. Шу сабаб чиндан ҳам бу ишдан ортиб, хизматларга чиқишга вақтим бўлмади. Менга ишониб топширилган вазифаларнинг масъулиятини бўйнимга олган эдим. У ерда сизнинг тўйингиз ёки бошқа шахсий манфаатларингиз билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Менга берилган ушбу вазифани икки йил муносиб юритдим ва раҳбарларнинг олдида ҳам, Худога шукр, юзим ёруғ бўлди.
Бир куни раҳбаримга: “Менда худди балиқни сувдан ташқарига чиқариб қўйгандек ҳолат бўляпти. Илтимос, менга ъсувъ керак. Пул учун бундай демаяпман, ўзимга яраша тижоратим бор. Ижодга қайтмоқчиман”, дедим. Чиндан ҳам ҳеч қачон пул учун санъатга, тўйга, саҳнага ёки филмга бормайман. Ҳақиқий санъаткорларни санъатнинг хумори тутади.
**“Аллоҳ баракасини бергани ёнингизда қоларкан”**
Анвар Собиров инсон қанча тўпламасин, бойликнинг фақат Аллоҳ баракасини берган қисмигина ёнда қолишини таъкидлади.
— Санъатдаги 28 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб ўйлаб кўрдим. Бир сафар беш минг, бошқа сафар уч минг доллар эвазига тўйларга бориб кўрдим. Буларни эшицангиз, “қани у пуллар?” дейсиз. Аллоҳ баракасини берганигина ёнимда қолибди. Қолганлари қаерга кетганини ўзим ҳам билмайман, дейди хонанда.
**“Бир қўлинг берганни бошқа қўлинг билмасин”**
— Бир қўлинг берганни бошқа қўлинг билмасин, деган нақлга риоя қиламан. Чиқиб, унга ёрдам беряпман, бунга ёрдам қилдим, дейишим шарт эмас. Айтиб кўрганимда ҳам билганлар: “Берганингни мақтаниб нима қиласан?” дейишди. Шу гаплардан кейин қилинган эҳсонни Аллоҳ билса бўлди, деган хулосага келдим. Бир хил инсонлар аксинча: “Бу ҳақда айтинг, қолган санъаткорларга тарбия бўлади”, дейди. Йўқ, Аллоҳ кўнглига солсагина одам эҳсон қилади. Банда бандага бу тарзда уқтира олмайди. Худонинг ўзи кўнглингизга солади, эҳсон қилиниши керак бўлган инсонни сизга рўбарў қилади. Ана шундагина сиз унга берасиз, дейди у.
**“Аёлимга раҳмат дейман”**
— 1997-йилда уйланганман. У пайтларда ҳали собиқ СССРнинг “ҳиди” тўлиқ кетиб улгурмаган эди. Кўпчилик фарзандларини рус мактабига берарди. Шахсан аёлим ҳам рус мактабида ўқиган. Келин бўлиб тушганида ўзбек тилини аксент билан гапирарди. Диний томонлама ҳам билимлари у қадар эмасди. Лекин мен ўша пайтларда ҳам ибодатли эдим.
Тўйларда, хизматларда борардим. Секин-аста рашк сабаб оиламиз тинчи бузила бошлади. Шунда бир устозим: “Қачон аёлингнинг иймонини бутун қилиб, Аллоҳни таницанг, ўшанда оиланг тинчийди. У совет тузуми таъсирида катта бўлган, шунинг учун ундан хафа бўлма”, деди. Шундан сўнг аста-секин динимизда аёлнинг ва эркакнинг ўрни қандай бўлиши кераклигини тушунтириб, ўргатиб бордим. Орадан 10 йиллар ўтиб, бу ўз самарасини бера бошлади. Ҳар бир муваффақиятли эркакнинг ортида унинг аёли туради. Бугун турмуш ўртоғимга раҳмат дейман. Нотўғри тушунилмасин-у аввал мени беш метр наридан ўтиб кетган раққосадан рашк қилган аёлим, ҳозир ҳеч бир оғринишсиз, рашк қилмай мени ўзи уйлантиришга қодир даражада иймонли бўлди.
**“Ўғил бола тарбиясида Роналдо қилмаган ишни қилдим”**
— Оиламни ҳам, фарзандларимни ҳам диёнатли қилиб тарбиялаганман. Аллоҳга шукр, уч қизим ва бир ўғлим бор. Ҳаммалари Аллоҳни таниган, Унинг каломини тиловат қиладиган ва менга қория бўлишга ваъда берган фарзандлар. Шунинг учун кўчада бехавотир юраман.
Бироқ фарзанд ўстиришда ўғил бола тарбияси қийин бўлар экан. Атрофидаги дўстлари “Нима қиласан ишлаб, отангнинг топгани етади сенга”, деб қандайдир маслаҳатлар беришадими, билмайман, бироз дангасароқ, тан олишим керак, ялқов. Ёнимда бир шогирдим бор, ўғлим иккиси тенгдош. Ўғлимга: “Нимага ундек меҳнат қилолмайсан?” дейман. Бунда ўзимнинг ҳам айбим бор. Тан оламан, битта ўғил деб эркалатиб юбордим.
Шунинг учун ҳали дўстлари эришмаган нарсаларга ўғлим олти-етти йил аввал эришди. Энди ҳозир у шу қулайлик зонасидан чиқолмаяпти. Роналдодек миллиардер инсон ўғлига битта нарсани шунчаки олиб бермай, аксинча ўзи ишлаб топишини айтганини билганимда, ўғлимни буларга осон етиштирганим учун пушаймон бўлдим. Мана шунда қаерда хато қилганимни билдим ва ўзимга ўзим: “Сен кимсанки, ҳатто миллиардер ҳам ўғлига олиб бермаган телефонни 10 йил аввал фарзандингга олиб бердинг? Энди нима учун ўзингдан эмас, ўғлингдан хафа бўласан?” дедим.
**“Қизимни узатганимда аёлимдан кўпроқ йиғладим”**
— Қизимни узатаётганимизда аёлимдан ҳам кўпроқ йиғладим. Бекорга қиз фарзандни жаннатнинг гули дейишмас экан. Ҳозир ҳам, мисол учун, ўғлим бир марта хабар олгунча, қизим 18 марта ҳол-аҳвол сўрайди. Ёшлигида қизли бўлдим деб хафа бўлганларга айтмоқчиман, мен биринчи марта қизли бўлганимда жуда хурсанд бўлганман. Чунки ўша пайтларда қанчадан-қанча ўртоқларим бефарзанд эди. Берганига шукр қилдим. Шундан сўнг Аллоҳ ўғил ҳам, яна икки қиз ҳам берди. Қизларимни исми билан эмас, “жаннатларим” деб чақираман. Қизи бор оталар энг бахтли оталардир, дейди Анвар Собиров.

