Сиёсат

Австрия канслери оналар меҳнати ҳақидаги гаплари учун узр сўради

Австрия канслери Кристиан Штокер мамлакат бўйлаб сафари давомида айтган баҳсли сўзлари учун узр сўради. Залсбург шаҳрида 6-август куни бўлиб ўтган учрашувда иштирокчилардан бири ундан ёлғиз оналарга молиявий ёрдам кўрсатиш масаласини кўтарган эди.

Аёлнинг таъкидлашича, ёлғиз оналар болаларни парвариш қилиш учун ҳафтасига ўртача 96 соат текинга меҳнат қилади. Канслер бунга жавобан "болалар парваришини иш деб ҳисобламаган бўлардим" деган ва "оилавий ҳаёт бу — эвазига ҳеч нарса олмасдан яшаш" фикрини билдирган.

Штокернинг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда ва сиёсий доираларда кескин танқидларга сабаб бўлди. "Яшиллар" партияси матбуот котиби Леоноре Гевесслер шундай баёнот берди: "Жаноб канслер, оналар севади. Оналар ишлайди. Оналар ғамхўрлик қилади. Оналар ақлбовар қилмас ишларни бажаради. Оналар ишлайди. Оналар мамлакат фаолиятини ушлаб турибди. Оналар текинга ишлайди. Улар устидан кулишларига лойиқ эмас. Улар узр сўралишига лойиқ".

Ўнгчилар етакчиси, "Австрия озодлик партияси"дан Ҳерберт Кикл ҳам Штокернинг сўзларини "оналар устидан кулиш" деб баҳолади. Натижада, баҳсли баёнотдан бир ҳафта ўтиб, канслер ўз сўзларидан воз кечди.

У нотўғри гапирганини тан олди ва шарциз узр сўради. "Болалар парвариши — бу меҳнат. Айнан оилаларнинг аксариятида ҳали ҳам ғамхўрликнинг асосий қисмини ўз зиммасига оладиган аёллар энг муҳим ишни бажаради. Менинг баёнотимдан хафа бўлган ёки камситилганларнинг барчасидан очиқчасига узр сўрайман", деди Штокер.

Аввалроқ Венгрия давлат телерадиокомпанияси "йиллар давомидаги ёлғонлар" учун узр сўрагани ҳақида хабар берилган эди. Бунга мамлакат собиқ бош вазири Виктор Орбанни қўллаб-қувватлаш учун олиб борилган узоқ йиллик тарғибот сабаб бўлган.

avstriyamehnatoilakansleruzronalarsiyosiy tanqidbolalar parvarishi