Август ойида тўлиқ қуёш тутилиши кузатилади

2026-йил 12-август куни Европанинг айрим ҳудудларида тўлиқ қуёш тутилиши ҳодисаси рўй беради. Бу ноёб астрономик ҳодисани Гренландия, Исландия, Испаниянинг шимолий қисми ҳамда Португалиянинг шимоли-шарқий ҳудудлари аҳолиси кузатиш имконига эга бўлади.
Европа космик агентлиги (ЭСА) маълумотларига кўра, Испания шимоли қуёш тутилишини кузатиш учун энг қулай жойлардан бири ҳисобланади. Бу кўплаб европаликлар учун сўнгги 20 йилдаги илк шундай имконият бўлади.
ЭСА илмий директори, профессор Карол Мунделлнинг таъкидлашича, “Қуёшнинг тўлиқ тутилиши — миллионлаб инсонлар биргаликда осмонга қараб, ҳам ҳайрат, ҳам қизиқиш ҳиссини туя оладиган ноёб лаҳзалардан биридир”.
Астрономлар эслатишича, Қуёшга оддий кўз билан фақат тутилишнинг тўлиқ фазаси вақтида, яъни қуёш диски Ой томонидан бутунлай тўсилган қисқа муддат давомида хавфсиз қараш мумкин. Бошқа барча вақтларда ИСО 12312-2 халқаро стандартига мос келувчи махсус ҳимоя кўзойнакларидан фойдаланиш шарт.
Канар ороллари Астрофизика институти огоҳлантиришича, қуёш дискининг кичик бир қисми очиқ қолган тақдирда ҳам, ундан тарқаладиган кучли нур кўз тўр пардасига тузатиб бўлмас зарар етказиши мумкин. Тутилишни махсус ҳимоя воситаларисиз кузатиш кўриш қобилиятининг кескин ёмонлашишига ёки унинг тўлиқ йўқолишига олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон аҳолиси 12-августдаги тўлиқ қуёш тутилишини кузата олмайди. Навбатдаги муҳим астрономик ҳодиса эса 2027-йил 2-августда кутилмоқда, ўшанда ХХИ асрнинг энг узоқ давом этадиган тўлиқ қуёш тутилиши содир бўлади.

