АҚШ Украина билан разведка маълумотлари алмашишни қайта тиклади

АҚШ ва Украина ўртасидаги разведка маълумотлари алмашинуви яна тўлиқ ҳажмда йўлга қўйилди. Бу ҳақда Политисо нашри хабар берди.
Мақолада таъкидланишича, икки давлат ўртасидаги разведка соҳасидаги ҳамкорлик аввалги юқори даражасига қайтган. АҚШ Сенатининг разведка қўмитаси аъзоси Марк Уорнернинг сўзларига кўра, бу яхшиланган ҳамкорлик Киевга Россия билан тўрт йиллик урушда устунликка эришишга ёрдам бермоқда. Украина Қуролли кучлари тақдим этилган маълумотлардан Россия ҳудудидаги операцияларни амалга оширишда фойдаланмоқда.
АҚШ 2025-йил март ойида Украина билан разведка маълумотларини бўлишишни вақтинча тўхтатган эди, бироқ кейинчалик бу ҳамкорлик босқичма-босқиш тиклана бошлади. Қўшма Штатлар давлат котиби Марко Рубио 2026-йил июн ойи бошида Вашингтоннинг холис воситачи эмаслигини ва очиқчасига Киев тарафида турганини таъкидлаган эди.
Рубио, шунингдек, ҳар қайси томоннинг ён беришида ҳеч қандай ижобий нарса кўрмаётганини ва дипломатик музокаралар натижа бермаганини қўшимча қилган. Шунга қарамай, у АҚШ воситачилик саъй-ҳаракатларини давом эттиришга тайёрлигини билдирган.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Рубионинг бу сўзларини рад этиб, президент Владимир Путин 2025-йилда Аляскадаги саммит пайтида Доналд Трампнинг таклифларини қабул қилганини эслатиб ўтган. Рубионинг фикрларига муносабат билдирар экан, Лавров “Байден уруши” энди “Трамп уруши”га айланганини таъкидлаган.
Аввалроқ АҚШ ва Франсия Украинага Россия ҳаво мудофааси тизимлари қаерда жойлашганини аниқлашда ёрдам берувчи разведка маълумотларини тақдим этгани ҳақида хабар берилганди. Украиналик мулозимларга кўра, бу маълумотлар дронларга ҳаво мудофаасини айланиб ўтиб, нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришга имкон яратган.

