Дунё

Афғонистонда аҳоли ва қуролли гуруҳлар “Толибон” билан тўқнашди

Афғонистонда аҳоли ва қуролли гуруҳлар “Толибон” билан тўқнашди.

Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Яфтали Пайин туманида маҳаллий аҳоли ва этник пуштун бўлган “Толибон” жангчилари ўртасида тўқнашувлар юз берди. Ҳудудда ҳарбий вазият сақланиб қолмоқда. Айни пайтда ҳукуматга қарши иккита гуруҳ ҳам “Толибон”га қарши ҳаракат қилганини даъво қилди.

Ҳашт-э Субҳ Даилй нашрига маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, тўқнашувлар 1-август куни тушдан кейин бошланган. “Толибон”га қарши курашга эркаклар ҳам аёллар ҳам отланган.

Ҳодиса пайтида бир аёл уч нафар “Толибон” жангчисини таёқ билан ургани айтилмоқда. Манбаларга кўра, тўқнашувда бир неча киши ҳалок бўлган ва яраланган. Бироқ жабрланганларнинг аниқ сони ҳали тасдиқланмади. Шу билан бирга, “Толибон” разведка идорасига ҳам ҳужум қилингани хабар берилди. Лекин ушбу ҳодиса тафсилотлари ҳозирча мавжуд эмас.

Маҳаллий норозиликлар билан бир қаторда “Афғонистон озодлик фронти” (АФФ) ҳамда “Миллий қаршилик фронти” (НРФ) ҳам Бадахшонда “Толибон”га қарши ҳужумлар уюштирганини билдирди. Улар “Толибон” аъзолари ҳамда уларни қўллаётган хорижий жангчилар орасида талафотлар борлигини даъво қилмоқда.

АФФ ўз кучлари 31-июл куни Бадахшон вилоятининг Зебак туманида “Толибон”ни қўллаб-қувватлаётган “халқаро террорчиларга” ҳужум қилганини билдирди. Гуруҳ баёнотига кўра, АФФга қарши уришаётган “Толибон” кучларига қўшилиш учун Зебак томонга кетаётган карвонга қилинган ҳужумда икки нафар хорижий жангчи ҳалок бўлган ва уч нафари яраланган.

Баёнотда айтилишича, нишонга олинган шахслар маҳаллий тилни билмаган. Гуруҳ буни уларнинг ажнабий эканлигига исбот сифатида келтирди. Аммо АФФ уларнинг шахсияти ва фуқаролигини очиқламади.

Гуруҳнинг қўшимча қилишича, хорижий жангчиларнинг “Толибон” ёнида пайдо бўлиши Афғонистон халқаро террорчи ташкилотлар учун хавфсиз бошпана бўлиб қолаётганини кўрсатади. Бадахшондаги “Толибон” маҳаллий ҳокимияти бу даъволарга муносабат билдирмади.

Бошқа бир ҳодисада “Афғонистон миллий қаршилик фронти” Ҳирот вилоятида “Толибон”нинг патрул машинасига қилинган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. НРФ баёнотида айтилишича, унинг жангчилари ҳужумни 30-июл куни соат 22:30 атрофида Карух туманининг Банди Пашдан ҳудудида амалга оширган.

НРФ ҳужумда “Толибон”нинг “Ал-Фаруқ” корпуси биринчи бригадасининг икки аъзоси ҳалок бўлганини даъво қилди. “Толибон” бу даъвога ҳам жавоб бермади. “Толибон” Афғонистон ичида уюшган қуролли мухолиф гуруҳлар борлигини ва уларнинг жанговар имкониятларини рад этишда давом этмоқда. Ўтган ҳафта ҳам Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида “Толибон”га қарши шиддатли жанглар авж олгани ҳақида хабар қилинганди.

afghanistan freedom frontnational resistance frontconflictbadakhshanafghanistanresistancecivilian uprisingtaliban