Зироат Мирзиёева раҳбарлигидаги Глобал тармоқ болалар саломатлиги учун дунё Биринчи хонимларини бирлаштиради
Биринчи хонимлар иштирокидаги формат болалар онкологияси ва бошқа оғир касалликлар билан боғлиқ масалаларга юқори даражада

Зироат Мирзиёева бощилигидаги Глобал тармоқ болалар саломатлиги йўлида дунё Биринчи хонимларини бирлаштиради
Самарқандда бўлиб ўтган «Болалар фаровонлигига инвестиция: Келажак авлодлар барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл» Жаҳон саммити доирасида АҚШнинг Ст. Жуде болалар илмий-тадқиқот шифохонаси вице-президенти, Ст. Жуде Глобал директори Карлос Родригес-Галиндо оғир ва ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Глобал тармоқ ташкил этилганини эълон қилди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними, «Замин» халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ушбу тармоққа икки йил муддатга раҳбарлик қилади.
Биринчи хонимларни бирлаштирувчи халқаро тармоқ
Глобал тармоқнинг асосий жиҳати шундаки, у турли давлатларнинг Биринчи хонимлари ва давлат раҳбарларининг турмуш ўртоқларини болалар саломатлиги масаласида бир майдонга жамлайди.
Платформа доирасида мамлакатлар ўртасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба ва ахборот алмашиш, оғир касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга доир амалий ташаббусларни илгари суриш кўзда тутилган.
Бироқ Глобал тармоқнинг вазифаси фақат соҳавий ҳамкорлик билан чекланмайди. Биринчи хонимлар иштирокидаги ушбу формат болалар онкологияси ва бошқа оғир касалликлар билан боғлиқ масалаларга халқаро миқёсда юқори даражада эътибор қаратиш имконини беради.
Шу маънода, Глобал тармоқ болаларнинг сифатли тиббий ёрдам олиши, қўллаб-қувватланиши, ўсиши ва ривожланиши учун зарур шароитларни яратиш масалаларини ҳам халқаро ҳамкорлик кун тартибига олиб чиқади.
Зироат Мирзиёеванинг раислиги — эришилган натижалар эътирофи
Мазкур қарор Ўзбекистонда болалар онкологияси соҳасида эришилган ютуқларнинг халқаро эътирофи бўлди. Бунинг замирида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соҳада амалга оширилган тизимли ислоҳотлар — ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш, замонавий диагностика ва даволаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда болаларни зарур дори воситалари билан таъминлаш борасидаги туб ўзгаришлар турибди.
Шунингдек, Зироат Мирзиёеванинг саратонга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланишини таъминлаш, ҳаётий ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир боланинг ўсиши ва ривожланиши учун шароит яратишдаги фаол ва етакчи роли алоҳида қайд этилган.
Биринчи хонимнинг раисликка киришиш маросими Болалар онкологияси бўйича халқаро конгресс доирасида ўтказилди.
Глобал тармоқнинг кейинги қадами қандай бўлади?
Глобал тармоқ фаолияти Самарқанддаги Жаҳон саммити билан чекланиб қолмайди. Бошқа мамлакатларнинг Биринчи хонимлари ҳам унга қўшилиш ва тармоқ ривожига амалий ҳаракатлар билан ҳисса қўшишга таклиф этилмоқда.
Глобал тармоқнинг навбатдаги йиғилишини 2027 йил май ойида Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси доирасида ёки 2027 йил сентябр ойида Ню-Ёркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ўтказиш режалаштирилган.
Зироат Мирзиёева раҳбарлик қиладиган дастлабки икки йил Глобал тармоқнинг шаклланиши, унга янги мамлакатларни жалб қилиш ва улар ўртасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш нуқтаи назаридан муҳим давр бўлади.
Шу тариқа, оғир ва ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича дунё Биринчи хонимларини бирлаштирадиган янги халқаро ҳамкорлик майдони иш бошламоқда. Унга Ўзбекистон Биринчи хонимининг раҳбарлик қилиши мамлакатда болалар онкологияси соҳасида тўпланган тажриба ва эришилган натижаларни халқаро миқёсда илгари суриш учун янги имконият яратади.

