Зимбабвелик магнат Уикнелл Чивайо ва унинг рафиқаси вертолёт ҳалокатида ҳалок бўлди
Чивайо ўзининг ҳашаматли ҳаёт тарзи, Африка президентлари билан яқин алоқалари ва сердаромад ҳукумат шартномалари билан танилган эди.

Зимбабвелик магнат Уикнелл Чивайо ва унинг рафиқаси вертолёт ҳалокатида ҳалок бўлди
Уикнелл Чивайо ўзининг ҳашаматли ҳаёт тарзи билан танилган машҳур тадбиркор эди
Зимбабвелик таниқли тадбиркор Уикнелл Чивайо ва унинг рафиқаси олти кишининг умрига зомин бўлган вертолёт ҳалокатида вафот этди, буни унинг оиласи тасдиқлади.
Вертолёт чоршанба куни кечқурун пойтахт Хараредан тахминан 70 км (43 миль) шарқда жойлашган Марондера қишлоқ ҳудудида қулаб тушган. Полиция ҳаво кемаси бортидаги барча ҳалок бўлганини маълум қилди.
Оила вакили Ҳерберт Чивайо ZBC давлат телеканалига тадбиркор ва унинг рафиқаси Люси Мутеке ҳалок бўлганини тасдиқлади ва оила ушбу фожиадан қайғуда эканини айтди.
Чивайо ўзининг ҳашаматли ҳаёт тарзи, бир нечта Африка президентлари билан яқин алоқалари ва қайта-қайта текширувга сабаб бўлган сердаромад давлат шартномалари билан танилган эди.
У ўз тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонунбузарлик айбловларини рад этган.
Полиция вакили, комиссар Пол Нятининг айтишича, ҳаво кемаси маҳаллий вақт билан тахминан 17:00 да (Гринвич бўйича 15:00) қулаб тушган ва бортида олти киши бўлган, бироқ расмийлар уларнинг барчасини дарҳол номма-ном маълум қилмаган. Ҳукумат расмийларининг билдиришича, олти кишидан икки нафари учувчи бўлган.
ZBC хабарига кўра, гуруҳ Чикомбадаги Гандамидан — Чивайо ва унинг рафиқаси қишлоқ уйи қураётган жойдан келаётган бўлган ва вертолёт ҳавога кўтарилганидан тахминан 40 дақиқа ўтгач, Куденга фермасида қулаб тушган.
«Ушбу фожиали хабардан кейин сўз тополмай қолдик», деди оила вакили ZBC телеканалига.
Ҳалокат сабаблари дарҳол маълум бўлмади, полиция тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирди. Чоршанба куни кечқурун воқеа жойига фавқулодда вазиятлар хизматлари юборилган.
Аввалроқ ҳукумат вакили Ник Мангвана ҳалокатни тасдиқлаб, вертолётда «таниқли тадбиркор, яна уч нафар йўловчи ва икки учувчи» бўлганини айтган эди.
«Ҳозирги маълумотларга кўра, ушбу ҳалокатда омон қолганлар йўқ», деб ёзди Мангвана X ижтимоий тармоғида.
Чивайо «Intratrek Zimbabwe» компаниясининг бош директори бўлган ва давлат шартномалари, хайрия ишлари ҳамда ижтимоий тармоқларда бойлигини кўрсатиши орқали кенг жамоатчиликка танилган эди.
Унинг энг машҳур бизнес лойиҳаларидан бири Гвандадаги 172 миллион долларлик (128 миллион фунт стерлинг) қуёш энергияси лойиҳаси бўлиб, у давлатга қарашли «Zimbabwe Power Company» томонидан «Intratrek» компаниясига топширилган эди. Кейинчалик бу лойиҳа кўп йиллик суд низолари мавзусига айланди.
Шунингдек, у Зимбабведа 2023 йилда ўтган баҳсли сайловлар учун материаллар харид қилиниши бўйича ҳам текширувга дуч келган эди. Зимбабве коррупцияга қарши курашиш комиссияси Жанубий Африканинг «Ren-Form» компаниясига берилган шартномалар билан боғлиқ айбловларни ўрганди, бироқ 2025 йилда Чивайо ёки Зимбабве сайлов комиссиясини қонунбузарликка алоқадор қилувчи далиллар топмаганини айтиб, суриштирувни ёпди.
Чивайо, шунингдек, мусиқачилар, диний етакчилар ва бошқа жамоат арбобларига ҳашаматли машиналар ва катта миқдордаги пулларни совға қилиши, ушбу совғаларни тез-тез ижтимоий тармоқларда улашиши билан ҳам танилган эди.
Унинг алоқалари Зимбабве билангина чекланиб қолмаган.
Илгари Чивайо билан бирга жамоатчилик олдида кўриниш берган Кения Президенти Уильям Руто уни «қадрдон дўстим» деб атади ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
«Мен уни дўстлиги, ғайрати ва қитъамизнинг имкониятларига бўлган чуқур ишончи билан эслаб қоламан», дея қўшимча қилди Руто.
У Африка етакчилари билан учрашиш имкониятига эга эканини тез-тез намойиш қилиб, Замбия Президенти Хакаинде Хичилема, Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса ва Танзания Президенти Самия Сулуху Хасан, шунингдек, Эсватини Қироли Мсвати III каби раҳбарлар билан учрашувларидан олинган суратларни жойлаштириб борар эди.

