Зилзила пайтида қандай ҳаракатланиш керак: кўргазмали қўлланма

**Зилзила пайтида қандай ҳаракатланиш керак: кўргазмали қўлланма**
Зилзила содир бўлиб, ер қимирлай бошлаганда, сизнинг кейинги ҳаракатларингиз хавфсизлигингизга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ал Жазеера нашри тайёрлаган ушбу кўргазмали қўлланмада уйингизнинг зилзилабардошлигини ошириш ва фавқулодда вазиятлар учун зарурий буюмлар тўпламини тайёрлашдан тортиб, зилзила пайтида ва у тугаганидан кейин ўзингизни ҳимоя қилишгача бўлган бешта амалий қадам тушунтирилган.
**Хонадонингиз зилзилага бардошлими?**
Зилзила пайтида кўриладиган эҳтиёт чоралари ер силкинишидан олдин бошланади. Уйингиз, ишхонангиз ёки мактабингиз атрофини кўздан кечириб, кучли тебранишлар вақтида қулаши, синиши ёки хавф туғдириши мумкин бўлган нарсаларни аниқлаб олинг.
Китоб жавонлари ва шкафлар каби баланд мебелларни деворга маҳкамланг, оғир ёки мўрт буюмларни эса пастки жавонларга қўйинг. Йиқилиб тушиши мумкин бўлган телевизор ва бошқа йирик жиҳозларни мустаҳкамланг.
Газ, электр токи ва сувни хавфсиз ўчиришни ўрганинг, шунингдек, асосий бошқарув мосламалари қаерда жойлашганини билиб олинг. Деразалар, ойналар ва йиқилиши мумкин бўлган бошқа нарсалардан узоқроқ туринг.
**Фавқулодда вазиятлар учун зарурий анжомлар тўпламини тайёрлаб қўйинг**
Зилзиладан сўнг электр энергияси, сув таъминоти ва алоқа узилиши мумкин. Керакли анжомларнинг қўл остингизда бўлиши, фавқулодда вазият пайтида уларни қидириб юрмаслигингизни таъминлайди.
Фавқулодда вазиятлар тўпламига қуйидагилар кириши керак: ичимлик суви, узоқ сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи ёрдам қутичаси, фонар, захира батарейкалар, батарейкада ёки қўлда ишлайдиган радио, ҳуштак ва зарурий дори-дармонлар.
Шунингдек, ўзингиз билан кўчма қувватлагич (повербанк), муҳим ҳужжатларнинг нусхалари, бир оз нақд пул ва оёғингизни шиша синиқлари ҳамда турли чиқиндилардан ҳимоя қилиш учун пишиқ поябзал олинг.
**Зилзила бошланганда нима қилиш керак?**
Агар зилзила бошланганда бино ичида бўлсангиз, силкиниш тўхтамагунча ичкарида қолиб, ўзингизни ҳимоя қилинг.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ер силкинганда кўчага югуриб чиқмасликни тавсия қилади. Тушаётган шиша синиқлари, вайроналар ва бошқа буюмлар ҳудудни ўта хавфли қилиб қўйиши мумкин, шу сабабли жойингизда қолсангиз, жароҳатланиш эҳтимоли камаяди.
* **Эгилинг:** Тиззалаб, кафтлар билан ерга таяниб олинг.
* **Яширининг:** Мустаҳкам стол ёки ёзув столи остига кириб, бошингиз ва бўйнингизни ҳимоя қилинг. Агар яқин атрофда пишиқ пана жой бўлмаса, дераза ва бошқа хавфлардан сақланиб, ички девор ёнига ўтинг.
* **Ушлаб туринг:** Силкиниш тўхтагунча пана жойингизни маҳкам ушланг ва у билан бирга силжишга тайёр туринг.
**Энг хавфсиз ҳаракатлар атрофдаги вазиятга боғлиқ**
Ҳар қандай вазиятга мос келадиган ягона ечимнинг ўзи йўқ. Қайси хавфлардан сақланиш кераклиги атрофдаги шароитга боғлиқ.
* **Бино ичида:** Ичкарида қолинг, яширининг, энгашинг ва бирор нарсани маҳкам ушланг.
* **Дўкон ёки идорада:** Ичкарида қолинг, жавонлар ва деразалардан узоқлашинг ҳамда бошингизни ҳимоя қилинг.
* **Мактабда:** Ўқитувчилар ва ходимларнинг кўрсатмаларига риоя қилинг ҳамда бошингизни мустаҳкам стол ёки парта остига яширинг.
* **Автомобилда:** Кўприклар, электр узатиш тармоқлари, дарахтлар ва бошқа хавфли нарсалардан йироқроқ, хавфсиз жойда тўхтанг. Силкиниш тўхтамагунча автомобилдан чиқмай туринг.
* **Очиқ жойда:** Бинолар, электр тармоқлари, дарахтлар ва қулаши мумкин бўлган ҳар қандай нарсадан узоқроқ очиқ майдонга ўтинг.
* **Лифтда:** Лифт тўхтамагунча ичкарида қолинг. Тўхтаганидан сўнг, агар хавфсиз бўлса, лифтдан чиқинг.
**Силкиниш тўхтагач**
Аввало ўзингизни ва атрофдагиларни жароҳатлар бор-йўқлигига текширинг. Сўнгра хавф-хатарларни аниқлаш учун атроф-муҳитни кўздан кечиринг.
Ер силкиниши тўхтагани хавф ўтиб кетганини англатмайди. Афтершоклар (такрорий силкинишлар) кузатилиши мумкин. Шунингдек, зилзилалар натижасида ёнғинлар, газ сизиб чиқиши, биноларнинг шикастланиши, ойналарнинг синиши ва электр узатиш линияларининг узилиши каби ҳолатлар юзага келиши мумкин.
Агар шикастланган қувур ёки газ ҳиди туфайли газ сизиб чиқаётганига шубҳа қилсангиз, зудлик билан у ерни тарк этинг. Газни ўзингиз ёқишга уринманг. Агар электр симлари шикастланган бўлса, уларга тегманг ва электр таъминотини ўчириш бўйича маҳаллий тавсияларга риоя қилинг.
Такрорий силкинишларга тайёр туринг. Агар силкиниш қайталанса, эгилинг, панага ўтинг ва бирор нарсани маҳкам ушлаб туринг.
Зилзиладан сўнг телефондан эҳтиёткорлик билан фойдаланинг. Телефон тармоқларини ортиқча юкламаслик учун кераксиз қўнғироқлардан тийилинг. Иложи борича матнли хабарлар ёки мобил интернетдан фойдаланинг, фавқулодда алоқа ва расмий хабарларни олиш учун телефонингиз ёнингизда бўлсин. Экран ёрқинлигини пасайтириш, кераксиз иловаларни ёпиш ва агар мавжуд бўлса, повер банкдан фойдаланиш орқали батарея қувватини тежанг.
Зилзиладан кейин ҳушёрликни сақланг, расмий маълумотларга амал қилинг ва хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилгач, бошқаларга ёрдам беринг. Тўғри тайёргарлик ва вазминлик билан ҳаракат қилиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

