Зеленский Россияга узоқ масофали зарбалар кенгайтирилишини эълон қилди
Украина Россияга узоқ масофали зарбалар бериш стратегиясини кенгайтирмоқчи. Зеленский янги операциялар режалаштирилганини айтди, аммо уларнинг нишонлари ва муддатини очиқламади.

Зеленский Россияга узоқ масофали зарбалар кенгайтирилишини маълум қилди
Украина ҳарбий раҳбарияти «Россиянинг ҳужумларига жавобан узоқ масофали қуроллардан фойдаланган ҳолда» янги операцияларни келишиб олди. Бу ҳақда мамлакат президенти Володимир Зеленский Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Михаил Драпатий ва мудофаа вазири Евгений Хмара билан учрашувдан кейин айтди.
«Узоқ масофаларга зарба бериш имкониятларимизни кенгайтиришга тайёргарлик кўряпмиз,» - деди Украина раҳбари.
Йил бошидан буён УҚК Россиянинг ёқилғи-энергетика мажмуаси обьектларига зарбаларни кучайтирди. Сентабрга келиб Украина дронлари нефтни қайта ишлаш заводларига камида 70 марта зарба берди, бунинг натижасида мамлакатда нефтни қайта ишлаш ҳажми сўнгги йигирма йилдаги энг паст даражага тушди, бу эса бензиннинг кескин танқислиги ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида чекловлар жорий этилишига олиб келди. Бундан ташқари, Украина Қуролли кучлари ҳарбий заводлар, порт инфратузилмаси ва яширин флот кемаларига ҳам зарбалар бермоқда.
Аввалроқ Украина бир неча ой давомида Россия билан энергия обьектлари, портлар ва бошқа муҳим инфратузилмаларга зарбалар борасида ўзаро танаффусга эришишга уриниб келган эди. Аммо Путин бу ташаббусни рад этди ва аксинча ҳужумларни кучайтирди. «Нега бу таклиф берилаётгани тушунарли, чунки Украина ҳудуди ичкарисига бераётган жавоб зарбаларимиз кучлироқ, сезгирроқ ва тўғрисини айтганда, вайронкорроқдир» - деди у.
Путин Россиянинг нефт-газ инфратузилмаси, маркетплейслар омборлари ва савдо кемаларига қилинган ҳужумлар «муаммолар туғдириши» ва зарар етказишини тан олди, бироқ УҚК ҳаракатларидан «жиддий оқибатлар» йўқлигини таъкидлади.

