Зеленский 13 та кема ва 28 та компанияга санксия жорий қилди
Украина президенти Володимир Зеленский Россия томонидан босиб олинган ҳудудлардан Украина ғалласини ноқонуний олиб чиқишга алоқадор 13 та кема ва 28 та компанияга нисбатан санксиялар жорий қилди. Киев ушбу чоралар бундай маҳсулотларнинг халқаро бозорда сотилишига тўсқинлик қилишига умид қилмоқда.

Зеленский 13 та кема ва 28 та компанияга нисбатан санксиялар киритди
Украина президенти Володимир Зеленский 14-август куни Россия томонидан босиб олинган ҳудудлардан ғаллани ноқонуний олиб чиқиш билан боғлиқ 13 та кема ва 28 та компанияга қарши санксиялар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ушбу ҳужжат билан Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг Украина ғалласини ноқонуний олиб чиқишга алоқадор шахслар, кемалар ва компанияларга нисбатан чеклов чораларини қўллаш ҳақидаги қарори кучга киритилди.
Санксиялар рўйхатига Россия байроғи остида сузувчи 8 та, Панама байроғи остидаги 3 та, Белиз ҳамда Сент-Киц ва Невис байроқлари остидаги биттадан кема киритилган. Шунингдек, Россиянинг 11 нафар фуқароси ва 28 та юридик шахсга нисбатан ҳам чеклов чоралари белгиланган.
Украина президенти офиси маълумотига кўра, Киев санксияларни бошқа мамлакатлар юрисдиксияларида ҳам мувофиқлаштириш мақсадида иттифоқчи давлатларга зарур маълумотларни тақдим этишни режалаштирмоқда.
Украина томонининг асосий мақсади – Россия назоратидаги ҳудудлардан олиб чиқилган ғалланинг халқаро бозорга кириб боришига йўл қўймасликдир.
Президентнинг санксия сиёсати бўйича вакили Владислав Власюкнинг таъкидлашича, вақтинча босиб олинган ҳудудлардан Украина ғалласини ноқонуний олиб чиқишга алоқадор барча томонлар жавобгарликка тортилиши керак. Унинг сўзларига кўра, бу нафақат маҳсулотни ташиш ёки сотиш билан шуғулланган компаниялар ва уларнинг эгаларига, балки кема капитанлари ҳамда бевосита ташишда фойдаланилган кемаларга ҳам тааллуқлидир.
Украина бундан аввал ҳам шу каби чеклов чораларини жорий қилган. Хусусан, 2025-йил ноябрида 56 та кема санксиялар рўйхатига киритилган эди. Киев маълумотига кўра, мазкур кемалар Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан кейин Россия назоратидаги портларга ноқонуний равишда кириб, у ердан буғдой, кунгабоқар уруғи ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини олиб чиққан.

