Маҳаллий

Зарафшон шаҳри ҳамда Томди, Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари чегаралари ўзгартирилади

Навоийда Томди тумани ҳудудидан 2459 гектар ер Зарафшон шаҳри таркибига, Сурхондарёда эса Жарқўрғон туманидаги 4740 гектар майдон Қизириқ туманига ўтказилади. Ўзгаришлар саноатни ривожлантириш ва аҳолига маъмурий хизматларни яқинлаштиришга қаратилган.

Зарафшон шаҳри ҳамда Томди, Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари чегаралари қайта кўриб чиқилади

10-сентабр куни Сенат мажлисида Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари чегараларини ўзгартиришга доир қарорлар кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, Навоий вилояти Томди тумани ҳудудидаги 2459 гектар ер майдонини Зарафшон шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Сенатдаги маърузада таъкидланишича, янги ҳудудларда саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, сервис, савдо-маиший, ижтимоий ва уй-жой инфратузилмаларини жойлаштириш режалаштирилмоқда.

Хусусан, янги ер майдонларида мавжуд минерал хомашё базасидан фойдаланган ҳолда 250 дан ортиқ саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, янги турар жой массивлари, ички йўллар, электр энергияси, ичимлик суви, канализация ва иссиқлик таъминоти тармоқларини босқичма-босқич барпо этиш режалаштирилмоқда.

Ҳудудда 90 та ижтимоий соҳа обьекти, жумладан, мактабгача ва умумий таълим, тиббиёт, маданият ҳамда спорт обьектларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 500 дан ортиқ савдо-маиший ва хизмат кўрсатиш обьектлари ташкил этилиши, бунинг натижасида 15 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Ҳудудий ўзгариш Зарафшон шаҳрининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, минерал хомашёдан самарали фойдаланиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш учун имкон яратиши қайд этилди.

Сурхондарё вилоятида эса Жарқўрғон тумани ҳудудидаги 4740 гектар ер майдонини Қизириқ тумани таркибига ўтказиш таклиф этилмоқда.

Мазкур ҳудудда 4200 киши, яъни 710 та оила истиқомат қилади. Уларнинг кундалик ижтимоий ҳаёти Қизириқ тумани билан боғланган. Бироқ ҳудуд маъмурий жиҳатдан Жарқўрғон туманига қарашли бўлгани сабабли аҳоли солиқ ва коммунал тўловлар, ижтимоий нафақалар, пенсия ҳамда бошқа расмий масалаларни ҳал қилиш учун Жарқўрғон туман марказига боришга мажбур бўлмоқда.

Аҳолининг туман марказигача бориши учун 18−20 километр масофани босиб ўтишига тўғри келади. Шу билан бирга, ҳудуддаги болалар Қизириқ туманидаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида таълим ва тарбия олмоқда.

Маърузада ушбу ҳудуддаги аҳоли томонидан маъмурий масалани ҳал қилиш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушгани, жумладан, 816 та уй-жой ва бошқа хўжалик биносини Қизириқ туманига ўтказиш юзасидан мурожаатлар бўлгани айтилди.

Чегаралар ўзгартирилиши аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланишини қулайлаштириш ва ортиқча вақт ҳамда харажат сарфлашининг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўтказилаётган ҳудудда 4670 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд. Улардан самарали фойдаланиш чорвачилик ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қўшимча имконият яратиши кутилмоқда.

Хусусан, “Чап тармоқ” каналига 4 та сув насос стансияси ўрнатилиши ҳисобига 500 гектардан ортиқ ер майдонини ўзлаштириш имконияти яратилади. Натижада полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш ҳамда чорвачилик билан шуғулланувчи хонадонларнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш мумкин бўлади.

Мазкур тадбирлар натижасида йилига 1200 тонна маҳсулот етиштириш имконияти яратилиши кўзда тутилмоқда.

Ҳар икки ҳудуд бўйича таклиф этилаётган ўзгаришлар тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан муҳокама қилинган ва қўллаб-қувватланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.