Запорижжяга тунги ҳужум: 5 киши ҳалок бўлди, 20 киши яраланди
Россия Қуролли кучлари 11-августга ўтар кечаси Запорижжя шаҳрига ракета ва авиабомбалар қўлланган ҳолда комбинациялашган зарба берди. Украина томони маълумотига кўра, ҳужум оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган, яна 20 киши турли даражада жароҳатланган.

Запорижжя шаҳрига тунги ҳужум натижасида 5 киши ҳалок бўлди ва 20 киши жароҳатланди.
Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоровнинг Телеграм орқали хабар беришича, зарбалар вилоят марказидаги саноат объектлари ва инфратузилмага қаратилган. Шунингдек, турар жой бинолари, нотурар бинолар ва гараж кооперативи ҳам зарар кўрган.
Ҳужумдан сўнг шаҳарнинг айрим ҳудудларида электр таъминоти узилиб, ёнғинлар келиб чиққан. Федоров эълон қилган видеоларда олов ичида қолган бинолар ва автомобилларни кўриш мумкин.
Худди шу кечада Киевда ҳам бир неча бор ҳаво тревогаси эълон қилинган. Украина расмийлари буни Россия томонидан баллистик қурол қўлланиши эҳтимоли билан изоҳлади. Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 01:20 ҳолатида пойтахтда бир киши жабрлангани маълум бўлган.
Киев мери Виталий Кличконинг билдиришича, тиббиёт ходимлари бригадаси Шевченко туманига йўл олган.
Полтава вилоятида эса Россия қўшинларига тегишли деб кўрсатилган учувчисиз учиш аппарати парчалари кўп қаватли уй томига тушган. Полтава вилояти давлат маъмурияти раҳбари Виталий Дякивничнинг маълум қилишича, ушбу ҳодиса оқибатида жабрланганлар ҳақида мурожаатлар келиб тушмаган.
Запорижжяга ҳужумлар бир кун аввал ҳам амалга оширилган эди. 10-август куни кундузи Россия армияси шаҳарга бошқариладиган авиабомбалар билан зарба берган, кейинроқ эса ҳудудга дронлар орқали ҳужумлар давом этган. Украина томони маълумотларига кўра, ўша ҳужумлар оқибатида камида 26 нафар маҳаллий аҳоли вакили яраланган.

