Дунё

Запорижжяга олтита авиазарба берилди

Россия қўшинлари 9-октабр тонгида Украинанинг Запорижжя шаҳрига бошқариладиган авиабомбалар билан олтита зарба берди. Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, 50 ёшли эркак ҳалок бўлган, яна тўққиз киши, жумладан, 14 ёшли қиз жароҳатланган.

Запорижжяга олтита авиазарба берилди

ДВ хабарига кўра, Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари вазифасини бажарувчи Михаил Семикин ҳужум турар жойлар ҳудудига қаратилганини билдирган. Зарбалардан бири мактабдан ташқари таълим муассасаси яқинига тушган.

Вилоят мудофаа кенгаши раҳбари Иван Федоровнинг маълум қилишича, бир нечта кўп қаватли турар жойнинг ташқи деворлари шикастланган.

Россия дронларининг ҳужумлари Украинанинг бошқа ҳудудларида ҳам қурбонлар ва вайронагарчиликларга сабаб бўлган.

8-октабр куни кечқурун реактив дрон Ивано-Франковск шаҳрига ҳужум қилган. Шаҳар мери Руслан Марсинковнинг айтишича, дрон парчалари тушиши оқибатида хўжалик биносида ёнғин чиққан ва уни қўриқлаётган қоровул ҳалок бўлган.

Одесса вилоятида эса реактив дронлар зарбасидан сўнг иккита турар жой, газ компрессор стансиясининг маъмурий биноси ва порт инфратузилмаси ҳудудида ёнғинлар юз берган. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг вилоят бошқармаси дастлабки маълумотларига кўра, беш киши жабрланган.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Россия 8-октабр соат 18:00 дан бошлаб жами 136 та учувчисиз аппарат қўллаганини билдирган. Улар орасида Шаҳед ва «Гербера» ҳужумкор дронлари ҳамда «Пародия» аппаратлари бўлган. Жами дронларнинг 93 таси реактив Шаҳед турига мансуб экани айтилган.

9-октабр соат 08:00 ҳолатидаги дастлабки маълумотларга кўра, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 114 та дронни уриб туширган ёки радиоелектрон воситалар билан ишдан чиқарган. Уларнинг 77 таси реактив Шаҳед дронлари бўлган.

Ҳужумни қайтаришда авиация, зенит-ракета қўшинлари, радиоелектрон кураш ва учувчисиз тизимлар бўлинмалари, шунингдек, мобил ўт очиш гуруҳлари қатнашган.

Дронлар саккизта жойга бориб урилгани, яна еттита жойда эса уриб туширилган аппаратларнинг парчалари топилгани хабар қилинган.

Украинанинг ғарбий ҳудудларига ҳужумлар фонида Полша ҳам 8-октабр кечқурун ҳарбий самолётларини ҳавога кўтарган. Мамлакат Қуролли кучлари Оператив қўмондонлиги ердаги ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиолокацион разведка тизимлари юқори шайлик ҳолатига келтирилганини маълум қилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.