Замонавий урушлар қай томон ўзгармоқда? Оқибатлар қандай бўлади?
Инсоният тарихида, ҳар доим кучлар нисбати ўзгараётганда, урушлар эҳтимоли ошиб борган. Асосий қудрат ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун, янги ўсиб бораётган кучларни сўндириш учун урушларга мурожаат қилган. Янги ўсиб бораётган қудратлар ҳам, ўз мавқейини расмийлаштириш учун, урушлардан манфаатдор бўлган.

Замонавий урушлар қайси томонга ўзгармоқда? Оқибатлари қандай бўлади?
Бугун дунёда бир қутблилик заифлашиб бормоқда. Аммо ҳали кўп қутблилик тўлиқ шаклланиб улгурмади. Шу шароитда сўнгги даврларда урушлар тобора одатий ҳолга айланмоқда. Энди урушлар нормал давлатлар ўртасидаги табу ҳодиса эмас. Таҳлилларга кўра, кейинги икки-уч ўн йиллик ичида дунё сиёсий майдонида урушлар кўпаяди. Ана шу урушлар орқали янги тартиб ёки янги глобал вазият шаклланиб боради.
Хўш, бугун урушларнинг шакли-шамойили ўзгараяптими, ўзгараётган бўлса, қайси йўналишда? Чунки айнан ҳозирги урушлар натижасида глобал геосиёсий манзара шаклланади, минтақавий ва глобал кучлар нисбати белгилаб олинади.
Ҳа, сўнгги йилларда барчамизнинг кўз ўнгимизда урушлар ҳақидаги тафаккур ҳам, техника ҳам жиддий ўзгармоқда.
Биринчидан, яқин йилларгача ҳукмрон бўлган “супер қуроллар” даври ортда қолиб бормоқда. Яъни, масалан, узоққа учувчи, кучли зарба берувчи, бироқ ниҳоятда қиммат ракеталар (Патриот, ТҲААД ва ҳ.к.) ҳамда аксилракета тизимлари бугун уруш тақдирини белгилаб бермайдиган бўлиб қолди. Аксинча, кўп сонли, жуда арзон, исталганча ишлатиш мумкин бўлган ва катта қийинчиликсиз ўрнини тўлдириш мумкин бўлган қурол-аслаҳа тизимлари уруш ташаббусини қўлга олишга ёрдам бермоқда.
Масалан, АҚШнинг Эронга қарши урушидан кўрдикки, АҚШ каби бой ва қудратли давлатлар ҳам қудратли ракеталарни тезда ишлатиб юборади, уларнинг ўрнини тўлдириш эса қиммат ва кўп вақт талаб қилади. Аксинча, Эроннинг арзон дронлари, нисбатан арзонроқ ракеталари етарлича жавоб қайтариш имконини берди. Худди шундай, Украина ҳам Россиянинг оғир қуролли армиясига енгил ва кўп сонли дронлар орқали жавоб бериб, ҳарбий ташаббусни рақибга бериб қўймаяпти.
Албатта, давлатлар қиммат бўлса-да, анъанавий ракета тизимларидан воз кечмаяпти. Уларни кучли ҳимояланган нишонлар учун ишлатмоқчи. Лекин асосий зарба бериш вазифасини арзон, нисбатан содда ва ўрни тез тўлдириладиган учувчисиз учиш аппаратларига юкламоқда.
Иккинчидан, давлатлар ҳар доимгидек ҳолдан тойдирувчи, сурункали урушлар гирдобига тушиб қолишни истамагани учун эскалация тактикасига кўпроқ мурожаат қилишга уринмоқда. Эскалация — бу урушни кучайтириш, босимни ошириш ва шу йўл билан қарши томонни тезроқ таслим қилиш демакдир. Шу сабабли урушаётган томонлар урушни конфликт чизиғи бўйлаб сақлаб қолмасдан, зарбаларни душман тарафнинг ичкарисига олиб киришга ҳаракат қилмоқда.
Россия Украинанинг ички ҳудудлари ва шаҳарларига ҳужумлар қилди. Украина ҳам кейинги бир йил ичида урушни РФ ичкарисига олиб кирди, нефт заводлари ва катта савдо тармоқларига зарбалар берди. Бу билан рақибнинг руҳиятига, аҳоли орқали ижтимоий асосларига зарба беришга уринмоқда. Урушлар позицион, яъни ўзгариши қийин бўлган уруш чизиқлари атрофида кечар экан, уруш ташаббусини ўзгартириш учун душман давлат ичига зарба бериш ва шу йўл билан босим ўтказиш — мантиқан кутиладиган ҳолат. Шунинг учун ҳам дунё давлатлари узоқ масофага зарба берадиган, йўлда уриб туширилмайдиган ҳарбий техникаларга алоҳида сармоя киритмоқда.

