Юнусободдаги 271-мактаб ҳудудида ўрганиш ўтказилди: ер майдони аввалги ҳолатига қайтарилди
Тунука билан ўралган ҳудуд демонтаж қилинди

Юнусобод туманидаги 271-мактаб ҳудудида ўтказилган текширув натижасида ер майдони асл ҳолатига келтирилди.
Жорий йилнинг 31-июл куни Юнусобод туманида болалар майдончалари ва спорт иншоотлари ҳудудларидаги қурилиш ҳолатлари ўрганилди. Хусусан, Амир Темур шоҳкўчаси, 41-уй манзилида жойлашган 271-сонли мактаб ҳудудидаги обьект кўздан кечирилди.
Текширувлар давомида мактаб ҳудудидаги ер участкаси ҳамда бино-иншоотлар амалдаги ҳужжатлар асосида давлат рўйхатидан ўтказилгани, ҳудудда ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдони ёки ноқонуний қурилмалар мавжуд эмаслиги аниқланди.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик битими ва ижара шартномаси асосида "АСИАН СЧООЛ" МЧЖга 4 минг квадрат метр ер майдони ижарага берилгани маълум бўлди.
Ўрганиш якунларига кўра, тунука билан ўралган ҳудуд демонтаж қилиниб, ер участкаси аввалги ҳолатига қайтарилди.
Ҳудудларда қонунийликни таъминлаш, болалар майдончалари ва ижтимоий обьектларнинг дахлсизлигини сақлаш бўйича назорат ишлари изчил давом эттирилади. Ҳар бир ҳолат қонуний асосда кўриб чиқилиб, адолат таъминланади.

