ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг маданий меросни ҳимоя қилиш бўйича ташаббусини маъқуллади
ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистоннинг маданий меросни ҳимоя қилиш бўйича ташаббусини бир овоздан маъқуллади. 2027 йилда ушбу мавзудаги симпозиумни Хивада ўтказиш режалаштирилмоқда.

ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади
ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистон томонидан таклиф этилган, глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни сақлаб қалиш чора-тадбирлари самарадорлигини оширишга қаратилган қарор лойиҳасини бир овоздан тасдиқлади. Ҳужжат ташкилотнинг Париждаги қароргоҳида ўтказилган кенгашнинг 225-сессияси давомида қабул қилинди, хабар беради «Дунё» АА.
Ташаббус моддий ва номоддий маданий меросни иқлим ўзгаришлари, табиий офатлар, жадал урбанизация ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар оқибатларидан ҳимоя қилишда халқаро ҳамкорликни кучайтиришни назарда тутади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тегишли таклиф билан 2025 йил 30 октябрь куни Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилишида чиқиш қилган эди.
Қабул қилинган қарор ташкилотга аъзо давлатлар, халқаро тузилмалар ва илмий ҳамжамият ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади. Хавф-хатарларнинг олдини олиш ва уларни бошқариш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, маданий объектларни муҳофаза қилиш соҳасида илмий билимлар ва илғор тажрибалар алмашинувини кенгайтириш устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
2027 йилда Хивада ЮНЕСКО билан ҳамкорликда глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни сақлаш бўйича халқаро симпозиум ўтказиш ҳақидаги Ўзбекистон таклифининг маъқулланиши асосий бандлардан бири бўлди.
Форум турли мамлакатлар мутахассислари, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бир жойга жамлаши кутилмоқда. Иштирокчилар маданий объектларни замонавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш йўллари, янги технологияларни қўллаш, анъанавий билимларни сақлаб қолиш ва мутахассислар малакасини оширишни муҳокама қиладилар.
Симпозиум якунлари бўйича миллий хусусиятлар ва халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда маданий меросни муҳофаза қилиш ва бошқариш усулларини такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар тайёрлаш режалаштирилган.
Қарор лойиҳасини унинг ҳаммуаллифлари сифатида чиққан ЮНЕСКОга аъзо 54 та давлат қўллаб-қувватлади. Улар орасида Хитой, Испания, Греция, Португалия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон бор.
Мамлакатлар вакиллари ташаббуснинг долзарблигини ва унинг ташкилот устувор йўналишларига мослигини таъкидладилар. Уларнинг фикрича, иқлим ўзгариши ва глобаллашув билан боғлиқ таҳдидлар жўғрофий жойлашуви ва иқтисодий ривожланиш даражасидан қатъи назар давлатларга таъсир қилади ва мувофиқлаштирилган халқаро саъй-ҳаракатларни талаб этади.
Делегациялар, шунингдек, Ўзбекистоннинг Буюк ипак йўлининг тарихий-маданий марказларидан бири бўлмиш Хивада симпозиумни қабул қилиш тайёрлигини олқишладилар.
Тадбир ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқанддаги сессиясида бошланган ишларни давом эттириши ҳамда глобал хавф-хатарлар шароитида маданий меросни сақлаб қалиш бўйича тажриба алмашиш ва амалий ёндашувларни ишлаб чиқиш майдонига айланиши кутилмоқда.

