Маҳаллий

ЙПХ мотоцикллари билан тўқнашган Оних ҳайдовчиси шифохонада вафот этди

Дўрмон йўли кўчасида рўй берган авариядан кейин мотоцикллардан бирининг ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган, тўрт киши – икки мотоциклчи, чорраҳада навбатчиликда бўлган ЙПХ ходими ҳамда мотоцикллар билан тўқнашган Оних ҳайдовчиси шифохонага ётқизилганди. Фожиадан 11 кун ўтиб Оних ҳайдовчиси вафот этди, қолган уч жабрланувчининг аҳволи яхшиланган.

ЙПХ мотоцикллари билан тўқнашган Оних ҳайдовчиси шифохонада вафот этди

Жорий йилнинг 16-июл куни Тошкент шаҳридаги Дўрмон йўли ва Ғазалкент кўчалари чорраҳасида юз берган, Оних автомобили ва ЙПХ инспекторларининг учта патрул мотоцикли иштирокидаги авария қурбонлари сони ортди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Kun.uzъга маълум қилишича, Оних ҳайдовчиси 27-июл куни шифохонада вафот этган.

Ўша куни тўқнашувдан сўнг мотоциклдагилардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган эди. Яна тўрт киши – икки мотоциклчи, чорраҳада навбатчиликда бўлган ЙПХ ходими ҳамда мотоцикллар билан тўқнашган Оних ҳайдовчиси шифохонага ётқизилган эди.

Қолган уч кишининг аҳволи яхшиланиб, улар умумий бўлимга ўтказилган.

16-июл куни соат 18:30 атрофида 3 нафар йўл патрул хизмати инспекторлари патрул мотоциклларида Дўрмон йўли кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётганида Ғазалкент кўчасидан чорраҳага кириб келган Оних русумли транспорт воситаси билан тўқнашиб кетган эди.

Тармоқларда ушбу ЙТҲ кортеж кузатуви вақтида содир бўлгани ҳақида тахминлар билдирилган эди. ЙҲХХ эса бу маълумотни рад этиб, асоссиз хабар тарқатмасликни сўраган эди.

Ҳолбуки, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувда кўриш мумкинки, чорраҳада автомобиллар ва пиёдалар ҳаракати ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тартибга солиб турилган. Қора рангли фургон ва яна битта шу рангдаги автомобил катта тезликда ўтиб кетгандан сўнг, йўл очилиб, ҳаракатланишга рухсат берилган. Светофорда яшил чироқ ёнган ва енгил автомобиллар ҳаракатланишни бошлаган, аммо бу вақтда кортеж тўлиқ ўтиб бўлмаган эди.

Бу хабар фонида Ўзбекистон президентининг давлат хавфсизлик хизмати раиси Алишер Усмонов ишдан олинди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.