Йўллардаги агрессия ва «автотеррор»: нега ҳайдовчилик маданияти оммавий шаклланмаяпти?
Тошкент кўчаларида агрессив ҳайдаш, тезликни ошириш, пиёдаларни қўрқитиш ва одам ўлими билан тугаётган авариялар йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласини янада кун тартибига олиб чиқмоқда. Айниқса, мактаблар атрофидаги хавфсизлик ва ҳайдовчиларнинг йўлдаги хатти-ҳаракатлари кўп саволларни туғдиряпти. Kun.uz ушбу масалалар юзасидан психолог, ҳуқуқшунос, ЙҲХХ ходими ва ҳайдовчи билан суҳбатлашди.

Йўллардаги агрессия ва «автотеррор»: нега ҳайдовчилик маданияти оммавий шаклланмаяпти?
Йўлда агрессив хатти-ҳаракат деганда фақат тезликни ошириш ёки йўл қоидаларини бузишгина тушунилмайди. Орқадан сигнал чалиб бошқа ҳайдовчини шошириш, пиёдани қўрқитиш, кескин манёврлар қилиш, тирбандликда асабийлашиш ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигига таъсир кўрсатади. Айниқса, мактаблар атрофида бундай ҳолатлар жиддий хавф туғдиради.
Шунингдек, жазонинг ўзи кифоями ёки ҳайдовчилик маданиятини ошириш ҳамда жамоатчилик таъсирини кучайтириш керакми, деган саволларга ҳам жавоб изланди.
### Мактаб олдидаги 30 км/соат нега муҳим?
Тошкентда 400 га яқин мактаб бор, уларнинг 91 таси асосий кўча ва йўллар бўйида жойлашган. Болаларнинг йўлга тўсатдан чиқиб қолиши мумкинлиги сабаб мактаб атрофида оддий йўл қоидаларидан ҳам қатъийроқ эҳтиёткорлик талаб этилади. Мактаб олдида тезликни 30 км/соатга чеклашнинг ўзи болалар хавфсизлигини таъминлайдими?
«Статистикага қарайдиган бўлсак, пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари умумий ЙТҲларнинг салмоқли қисмини ташкил қилади. Болалар иштирокидаги ЙТҲларнинг эса 82 фоизи пиёдалар билан боғлиқ. Бунда болаларнинг белгиланмаган жойдан ёки тартибга солинган жойдан ўтиши каби ҳолатлар асосий қисмни ташкил қилади. Шунинг учун айнан пиёдалар билан боғлиқ ЙТҲларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кучайтиришимиз керак», - дейди Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакили Зокир Файзиев.
### «Икки-уч дақиқа учун тезликни оширишнинг маъноси йўқ»
Ҳайдовчи Абдуқодир Ўткировнинг фикрича, тезликни ошириш сабабларидан бири ҳайдовчилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва йўл маданияти етишмаслиги билан боғлиқ. Унинг айтишича, айрим ҳайдовчилар тирбандликда бир неча дақиқа ютиб қолиш учун тезликни оширади ёки бошқа транспорт воситаларини шоширади.
«Баъзи ҳайдовчилар йўлда икки-уч дақиқа олдинроқ етиб бориш учун тезликни оширади. Аслида шу икки-уч дақиқа учун ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйишнинг маъноси йўқ. Айниқса мактаблар олдида бола қаердан чиқиб қолишини олдиндан билмайсиз. Ҳайдовчи қанча тажрибали бўлмасин, кутилмаган вазиятда реаксия қилиш учун унга вақт керак.
Ўзим ҳам шундай ҳолатга дуч келганман. Мактабнинг олдидан ўтиб кетаётган эдим. Биз асосан навигатор билан ҳам ишлаймиз. Белгини кўрмай қолган тақдиримизда ҳам навигатор огоҳлантиради: 30 тезликда юриш керак, деб. 30 тезликда кетяпман. Орқамдан иномарка машина келди, сигнал чалиб, тезроқ юришга ишора қила бошлади. Барибир қонун-қоидага амал қилиш керак-да. Эътибор бермадим, 30 тезликда кетяпман. Орқамдан яна сигнал чала бошлади, “тезроқ юрмайсанми?” дегандек. Мажбур бўлиб тезроқ юрдим. Шунда битта болани уриб юборишимга сал қолди. Кейин машинани четга олиб, ўша ҳайдовчига тушунтирдим. Агар уриб юборганимда нима бўларди? Мен айбдор бўлардим, сен эса ўтиб кетардинг», - дейди Абдуқодир Ўткиров.
### Нега рулда инсоннинг хулқи ўзгариб кетади?
Тиббий психолог Асқар Эргашев бу ҳолатни инсоннинг стресс ва ҳиссиётларни бошқариши билан боғлайди. Рулга ўтирганда диққатини доимий равишда йўлга қаратиши, тирбандлик, сигналлар, бошқа автомобилларнинг кескин ҳаракатлари каби омилларга реаксия билдириши керак бўлади. Бу эса чарчоқ ва асабийликни кучайтириши мумкин.
«Тирбандликлар, қисиб ўтишлар, кутилмаган ҳолатлар одамнинг жаҳлини чиқариши мумкин. Шу пайтда унинг одатда яшириб юрган характери намоён бўлиши эҳтимоли бор. Айрим ҳайдовчилар бошқаларни сўкиш, бақириш ёки уларга нисбатан агрессив ҳаракат қилишни бошлайди. бундай вазиятда инсон ўзини доимо ҳақ деб ҳисоблаши агрессив хулқни янада кучайтириши мумкин. Ҳайдовчи бошқа иштирокчилар ҳам хато қилиши мумкинлигини ҳисобга олса, кескин реаксиялар камайиши эҳтимоли бор», - дейди психолог.
### Стресс қонунбузарлик учун оқлов бўла олмайди
Адвокат Азизхон Саидхўжаев эса ҳайдовчининг руҳий ҳолати ва ҳуқуқий жавобгарликни бир-биридан ажратиш лозимлигини таъкидлайди.
«Инсоннинг эгоси бор, қандайдир ҳолатда стрессга тушиши мумкин. Лекин бу стресс йўл-транспорт ҳодисасини содир этган шахс учун ҳеч қандай оқлов бўла олмайди. Бу ерда аниқ қонун нормалари ишлайди: қайси қонун талаби бузилди, қайси норма бузилди – шу асосда баҳоланади. Психоемоционал ҳолат, менимча, бу ерда энг охирги даражада сўраладиган нарса. Яна бир муҳим жиҳати – ҳар доим ҳам йўл қоидасини бузган одам йўл-транспорт ҳодисасига сабабчи бўлди, деган хулосага келиб бўлмайди. Масалан, бир ҳайдовчи қайрилиб олиш қоидасини бузди, қарама-қаршидан келаётган ҳайдовчи эса маст ҳолатда бўлиши мумкин. Лекин ўша қайрилиб олиш қоидаси бузилмаганида, ҳодиса умуман содир бўлмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун ҳар бир ҳолатда сабабий боғланиш аниқланади», - дейди ҳуқуқшунос.
### «Тезлик қанча паст бўлса, тан жароҳати шунча камаяди»
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича яна бир муҳим масала - тезлик чекловлари ва жарима баллари тизими самарадорлиги. Мутахассиснинг таъкидлашича, тезликни белгилашда йўл ҳаракати хавфсизлиги биринчи ўринда туриши керак.
«Тезликни ошириш, масалан, 60 км/соатдан 50 км/соатга туширилса, 40 ёки 30 км/соат бўлса, инсонга қанча зарар етказиши бўйича ҳаммасининг илмий таҳлиллари бор. Тезлик қанча паст бўлса, одамга етадиган тан жароҳати ҳам шунча камайиб бораверади. Шу нуқтаи назардан, йўл ҳаракати хавфсизлиги учун тезлик чекловларини қайта кўриб чиқиш масаласи доим муҳокама қилиниши керак. Жарима баллари эса ҳайдовчиларни тийиб туриш механизмларидан бири ҳисобланади. Айрим ҳайдовчилар бир неча марта қоидабузарлик қилади, жаримасини тўлайди ва яна қоида бузаверади. Балл тизими шундай жазо ва рағбат механизми бўлиши керакки, ҳайдовчи такрорий қоидабузарликлардан ўзини тия билиши керак. Тезлик туширилгандан кейин тезлик билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари камайгани кузатилди», - дейди Зокир Файзиев.
Ҳуқуқшунос эса жарима ва балл тизими билан бир қаторда ҳайдовчилик маданияти ва жамоатчилик таъсири ҳам муҳимлигини таъкидлайди.
«Ҳар бир йўлга бир хил тезлик чекловини қўллаш тўғри эмас. Йўлнинг инфратузилмаси ва шароитига қараб дифференсиация бўлиши керак. Балл масаласига келадиган бўлсак, белгиланган тезликдан маълум фоиз оширилган ҳолатга қараб баҳолаш тизими бўлиши мумкин. Масалан, 30 км/соат белгиланган жойда 10 фоизлик меёр қўлланса, 33 км/соатгача, 60 бўлган жойда 66, 80 бўлган жойда 88 км/соат каби. Бу масала ҳам ҳар икки томон - ҳайдовчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари учун аниқ ва тушунарли тизим бўлиши мумкин. Лекин жазо билан ҳеч қачон вазиятни тўлиқ ўнглаб бўлмайди. Жазо таҳдиди маълум даражада қоидабузарликнинг олдини олиши мумкин, аммо айрим одамларга балл ёки ҳуқуқдан маҳрум қилиш ҳам етарлича таъсир қилмаслиги мумкин.
Шунинг учун жамоатчилик танбеҳи ва ҳайдовчиларнинг бир-бирини тарбиялаши ҳам муҳим. Болаларга эса йўл қоидаларини ёшлигидан ўргатиш билан бирга йўлдаги одоб ва маданиятни ҳам сингдириш зарур», - дейди ҳуқуқшунос.

