Лайфстайл

Ёш шунчаки рақам: 50 ёшдан кейин машҳурликка қайтган Голливуд актрисалари

Ёш шунчаки рақам: 50 ёшдан кейин машҳурликка қайтган Голливуд актрисалари

Голливудда ёшга қараб камситиш муаммоси ҳали ҳам долзарб бўлиб, бу ҳолатдан кўпроқ актрисалар азият чекади. Бироқ, катта авлод вакиллари кино олами аста-секин ўзгараётганини исботламоқда. Кино Маил нашри 50 ёшдан ошганидан кейин мухлислар диққат марказига қайтган машҳур кино юлдузлари ҳақида маълумот берди.

**Деми Мур**

90-йилларда Голливуднинг энг нуфузли юлдузларидан бири бўлган Деми Мур 2000-йилларнинг бошига келиб экранлардан деярли йўқолиб кетди. Унинг карьерасини сақлаб қолиш учун суратга тушган “Аскар Жейн” ва “Алвон ҳарф” каби йирик филмлари муваффақияцизликка учради. Шундан сўнг актриса узоқ вақт давомида томошабинлар эътиборидан четда қолиб, кичик лойиҳаларда кўриниш бериб юрди.

Бироқ, 2024-йилда актриса “Субстансия” филмида бош ролни ижро этиб, бутун дунёни ҳайратда қолдирди. Режиссёр Корали Фаржа айнан машҳурликнинг асл баҳосини биладиган афсонавий актрисани қидираётган эди. Бутун умр ташқи кўринишини ўзининг бойлиги деб ҳисоблаб келган Деми Мур бу ролга идеал даражада мос тушди. Ёшлигини сақлаб қолиш учун даҳшатли чораларга қўл урган кекса юлдуз роли Демига “Олтин глобус” мукофотини келтирди.

Тақдирлаш маросимида нутқ сўзлаган Деми Мур бир пайтлар уни шунчаки жиддий бўлмаган “попкорн актрисаси” деб аташганини эсга олди. Бироқ, янги роли бунинг мутлақо аксини исботлади. Актриса ҳозир ҳаётидаги энг бахтли даврни бошдан кечираётганини, карьераси яна чўққига чиққанини ва ёнида уч нафар вояга етган қизлари борлигини фахр билан айтди.

**Памела Андерсон**

“Малибу қутқарувчилари” телесериали орқали кўпчилик танийдиган актриса Памела Андерсон кутилмаганда ҳаётини буткул ўзгартирди ва пардоз-андоздан бутунлай воз кечди. 2022-йилда 55 ёшида у кутилмаганда машҳур Бродвей саҳнасида “Чикаго” мюзиклида бош рол билан дебют қилди. Орадан бир йил ўтиб, унинг шахсий хотиралари китоб бўлиб чиқди. Ушбу асарни ўқиган режиссёр Жия Коппола ўзининг янги драмаси учун айнан Памеладан яхшироқ қаҳрамон топа олмаслигини тушунди.

Памела янги филмда саҳна ҳаёти тугаб бораётган Лас-вегаслик кекса раққоса ролини қойиллатиб ижро этди. Бу ижро актрисага “Олтин глобус” номинациясини тақдим этди. Голливуднинг энг ёмон филмларига бериладиган “Олтин малина” мукофоти эса бу сафар Андерсонни хафа қилмади, аксинча, унга “обрў-эътиборини аъло даражада қайта тиклагани учун” махсус мукофот берди.

Ҳозирда Памелани олдинда катта премьералар кутмоқда: у Лиам Нисон билан афсонавий “Яланғоч тўппонча” комедиясининг янги талқинида ва таниқли режиссёр Корнел Мундруцонинг янги драмасида бош ролларни ижро этган.

**Женнифер Кулиж**

Машҳур стендап актрисаси кинодаги илк ролини анча кеч — 32 ёшида ижро этган. Кейинчалик у “Американча пирог” ва “Қонундаги малласоч” филмлари орқали томошабинлар эътиборига тушди. Бироқ йиллар ўтиб, унинг карьераси кескин пасайиб кетди ва у деярли унутилди.

Женнифернинг катта экранларга қайтиши “Икки банкрот қиз” сериалидан бошланди. Аммо унинг ҳақиқий муваффақияти 2018-йилда хонанда Ариана Гранде машҳур телешоуда унга тақлид қилиб пародия қилганидан кейин бошланди. Шундан сўнг актриса Ариананинг мусиқий клипига таклиф қилинди. Бу эса унга афсонавий “Оқ нилуфар” сериалининг эшикларини очди. Сериалдаги ғалати ва бой аёл образи Женниферга дунё миқёсидаги катта шуҳрат ва нуфузли мукофотларни қайтариб берди.

**Женнифер Грей**

Мухлислар нега афсонавий “Ғаройиб рақслар” филмидан кейин Женнифер Грей дунё миқёсидаги суперюлдузга айланиб кетмагани ҳақидаги саволларни тез-тез беришади.

Гап шундаки, ўша машҳур филм премьерасига бир неча кун қолганда Женнифер даҳшатли автоҳалокатга учрайди. Рулда унинг севгилиси бўлган ва ЙТҲ оқибатида икки нафар аёл ҳалок бўлади. Бу фожиа сабабли руҳий тушкунликка тушган Женнифер ташқи кўринишини ўзгартиришга қарор қилади ва бурнини пластик операция қилдиради. Бироқ пластик жарроҳлик унинг юз тузилишини шу қадар ўзгартириб юборадики, режиссёр ва продюсерлар уни умуман таний олмай, филмларга чақирмай қўйишади.

Шундай бўлса-да, у таслим бўлмади. “Ҳақиқий оғриқ” драмасидаги ғамгин аёл роли орқали у ўзининг катта истеъдодини яна бир бор исботлади.

**Кети Бейц**

Камдан-кам ҳолларда бош ролларни ўйнаган бўлса-да, томошабинларнинг чинакам севимлисига айланган Кети Бейц ҳам Голливуддаги эйжизм — ёш бўйича камситиш қурбони бўлишига бир бахя қолган. “Мизери” филми учун “Оскар” олган бўлишига қарамай, унга ҳар доим “ташқи кўринишинг тўғри келмайди” деб таъна қилишарди. Ҳатто у Бродвей театрида йиллар давомида ўйнаган машҳур ролига кинода унинг ўрнига Мишел Пфайфферни олишган эди.

Бир муддат тушкунликка тушган Кети ҳатто нафақага чиқмоқчи ҳам бўлди. Бироқ машҳур продюсер Раян Мерфи унга янги имконият бериб, “Америка даҳшатли воқеалари” сериалига таклиф қилди. Яқинда чиққан “Метлок” сериалидаги тажрибали ва жозибали аёл-адвокат роли эса Кетининг Голливудда ҳали ҳам тенгсиз эканлигини кўрсатди.

**Шерил Ли Ралф**

1981-йилда актриса Бродвей театрида улкан муваффақиятга эришиб, нуфузли мукофотларга номзод бўлган эди. Саксонинчи йиллар у учун жуда омадли келди, бироқ вақт ўтиши билан унинг ҳам карьераси сўниб борди ва у деярли унутилди.

Ҳаммаси 2020-йилда, унга “Эбботт бошланғич мактаби” сериалида ўқитувчи ролини ўйнашни таклиф қилишганида ўзгарди. Сериал бутун дунёда машҳурликка эришди ва Шерил роли учун “Эмми” мукофотини қўлга киритди. Шу тариқа у сўнгги 35 йил ичида ушбу нуфузли мукофотни олган биринчи афроамерикалик аёл бўлди. Яқинда эса у Голливуддаги Шон-шараф хиёбонида ўз юлдузига эга бўлди.

**Онжаню Эллис**

Онжаню Эллис охирги ўттиз йил давомида деярли ҳар йили бир нечта филмларда суратга тушиб келган. Гарчи унга ҳар доим иккинчи даражали роллар берилган бўлса-да, у доим ўзининг ёрқин ижроси билан ажралиб турарди.

Бироқ карьерасидаги энг катта муваффақиятига 50 ёшдан ошганида эришди. Машҳур теннисчи опа-сингиллар Уилямсларнинг ҳаёти ҳақидаги “Қирол Ричард” филмидаги роли унга ҳаётидаги илк “Оскар” ва “Олтин глобус” номинацияларини келтирди. Бу эса актриса учун ёш шунчаки рақам эканини ва чинакам муваффақият ҳар қандай ёшда келиши мумкинлигини яна бир бор исботлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.