“Ёпиқ айлана”. Нега янги топ-клублар пайдо бўлмайди?

"Ёпиқ айлана": Нега янги топ-клублар пайдо бўлмаяпти?
Англияда ан'анавий "Топ-6" тушунчаси мавжуд бўлиб, унга "Манчестер Юнайтед", "Ливерпул", "Арсенал", "Челси", "Манчестер Сити" ва "Тоттенҳем" клублари киради. Ўн беш йилдан кўпроқ вақт олдин бу рўйхат "Топ-4"дан иборат эди. Кейинчалик "Манчестер Сити" шайхлар томонидан сотиб олиниб, йирик клубга айлантирилди, "Тоттенҳем" ҳам бу даврага қўшилди. Қизиғи шундаки, Англия чемпионатининг сўнгги етти йилида фақат бир марта турнир жадвалининг энг юқори олти поғонасини айнан шу жамоалар эгаллаган. Қолган мавсумларда "Лестер", "Астон Вилла", "Нюкасл" ва ҳатто "Вест Ҳем" ҳам олтиликка киришга муваффақ бўлган. Шунга қарамай, "Топ-6" ибораси ҳали ҳам ишлатилади ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолиши кутилмоқда.
Масалан, "Астон Вилла" сўнгги уч мавсумни Чемпионлар Лигаси зонасида якунлади, фақат биттасида тўплар нисбати туфайли йўлланмадан маҳрум бўлди. Улар Европа Лигасини ҳам ютишди. Бироқ, уларнинг икки муҳим футболчиси – Морган Рожерс "Челси"га, Юри Тилеманс эса "Манчестер Юнайтед"га ўтиб кетди. Шунингдек, Люка Дин Парижда, Консани ҳам "Арсенал" олиб қўйиши мумкин. "Вилла" ҳозирча кичикроқ клуб бўлиши мумкин, аммо "Нюкасл" ҳақида нима дейиш мумкин? Бир неча йил олдин Саудия Арабистони инвесторлари клубни сотиб олганларида, бизга янги "Манчестер Сити" лойиҳаси пайдо бўлаётганига ишонтиришганди. Ҳатто таркиб эволюцион йўл билан аста-секин кучайтирилиб, натижалар яхшиланиб борган сари, бу лойиҳа анча ақлли юритилаётганига амин бўлгандик. Қуйида Эдди Ҳау келганидан кейинги, яъни сўнгги беш йилдаги натижалар келтирилган:
[Фото: Опта]
"Нюкасл" ҳам Чемпионлар Лигасида муносиб иштирок этди: "ПСЖ"ни мағлуб этди, "Барселона" билан яхши ўйинлар ўтказди, Англия Лига Кубогини ҳам қўлга киритди. Ўтган ёзда ҳатто ҳужумда Экитике – Исак жуфтлигини шакллантиришга уриниб кўрди. Катта трансферлари ҳам йўқ эмас.
Аммо қарангки, бу ёзда "Нюкасл"ни ҳам "талашмоқда": Гимараес "Арсенал"га, Тонали "Тоттенҳем"га, Гордон эса "Барселона"га кетди. Эдди Ҳау ҳам йўқ, энди ҳаммаси бошқатдан бошланиши керак. Нега шундай бўлмоқда?
[Фото: Коллаж/"Дарё"]
Абрамович "Челси"ни сотиб олганида, жамоа бугунги "Нюкасл" ёки "Вилла"дан кичикроқ эди. "Манчестер Сити" ундан ҳам кичик, "ПСЖ" эса Европада бугунгидек нуфузга эга эмасди. Нега аср бошларида муваффақиятга эришиш мумкин бўлган лойиҳалар бугун ўхшамаяпти? Хато нимада?
[Фото: Геттй имагес]
Биламизки, ҳеч ким хато қилмаяпти, шунчаки, бугунги шартларда янги топ-клуб пайдо бўлишининг деярли имкони йўқ, назаримда. Аср бошларида "Челси" ҳозиргидек фаол эди, лекин уларнинг ҳар бир трансфери топ даражада бўлган. "Манчестер Сити" Мессига бўш чек жўнатган, дейишади; бироз муболаға бўлса-да, кўпчилик бунга ишонган, зеро клубнинг трансфер сиёсати мана шундай агрессив эди. Футболга инвестиция киритиш обрўли ишга айлангач, мана шундай инвесторлар пайдо бўла бошлади ва бу биз билган ан'анавий топ-клубларни, жумладан, "Бавария", "Реал", "Манчестер Юнайтед" ёки "Барселона" каби клубларни ташвишга сола бошлади. Ма'лум муҳим даврдаги тўғри ишлари, улкан фанбазаси ва юқори футбол даромадлари туфайли Европа футболида гегемонга айланган ҳамда ҳар мавсум совринлардан тортиб, энг яхши футболчиларни ҳам пирог каби бўлиб оладиган бу клубларга янги, радикал инвесторлар ёқмади. Кучлар тенг эмасди: инвесторлар катта пуллар билан аввал энг осони – футбол юлдузларини ўз томонларига оғдиришган бўлса, кейин футбол майдонида, маркетинг бозорида рақобат қила бошлашди. Якунда янги авлод мухлислари ҳам э'тиборини қаратди – дунёнинг ҳар чеккасида "ПСЖ" ёки "Манчестер Сити" либосини кийиб юрган ёш болаларни кўп кўрасиз.
Хуллас, янги рақиблар ва қўшимча пойга катта клубларни ташвишга сола бошлади, улар аста-секин УЕФАни ўз та'сирига олишди. Табиийки, доимий мувозанат ва барқарорлик УЕФА учун ҳам муҳим, футболдан ташқаридаги инвесторлар эса мана шу барқарорликни бузишарди. Битта ўхшаган "Челси" лойиҳасига "Малага" ва "Порцмут" каби инқирозлар ҳам тўғри келарди. Демак, харажатлар ва даромадлар назорат қилиниши шарт.
Европада ҳар ёз кўп бор тилга олинадиган "Молиявий фейр-плей" чекловлари 2009-йилдан 2013-йилгача аста-секинлик билан жорий қилина бошланди. Сабаби, энди ўша ташқи пуллар туфайли футболда рақобат ошиб, трансфер ва маошлар кескин ўсиб кетган, клублар даромадидан кўпроқ харажат қилишга мажбур бўлаётганди. 2009-йилга келиб Европа юқори дивизионларининг умумий зарари 1,6 миллиард еврога етганди. Бундай давом этиши футболни хавф остига қўярди; рус ва Қатар бойлари билан рақобатга киришадиган профессионал клублар агар сарфлашда давом эца, оқибати янада ёмон бўлиши турган гап эди. Яхшиси, футболни ташқи пуллардан тозалаб, соф ва табиий йўл билан ривожланишга қўйиб бериш деб топилди.
[Фото: Геттй имагес]
Я'ни, ҳар бир клуб ўзи ишлаб топадиган футбол даромадларидан ортиғини ишлата олмайди. Абрамович ўз бизнесидан топган пулига "Челси"га футболчи олиб бериши мумкин эмас. "Челси" фақат транслация ҳуқуқлари, маркетинг шартномалари, чипталар ва трансфер сотувлари ёрдамида пул топиб, фақат мана шу пулларни сарфлаши мумкин. Абрамович шунчаки ақлли бошқарувни йўлга қўйиши керак, холос. "Манчестер Сити"га қўйилаётган 115 та айбловнинг ортида ҳам мана шу назорат ётибди – гўёки, клуб сохта шартномалар орқали ўз даромадларини юқори қилиб кўрсатган ёки харажатларни камайтирган, турли айланма йўллар билан ҳомийлардан пул олиб кирган ва ҳоказо. Хуллас, янги даврга қадам қўйилди.
Биламизки, доим бўлганидек, танганинг иккинчи томони ҳам бор. "Футбол даромадлари" деяпмиз-у, унинг ҳажми барибир тўғридан тўғри фанбаза билан боғлиқ. Клубнинг дунё бўйлаб мухлислари қанча кўп бўлса, унга бўлган қизиқиш қанчалик юқори бўлса, клубнинг даромад олиш имконияти янаям ошади, тўғрими? Муҳим жиҳат шундаки, 80–90-йилларда топ-клублар сараланиб бўлган: Италия, Испания ва Англия грандлари ма'лум, табиийки, бутун дунё уларга мухлислик қилади, қизиқиш билдиради. Бу ердан ўз улушини олиш учун клуб бир неча йил ўта муваффақиятли қатнашиб, бир нечта муҳим совринларни қўлга киритиши, футбол юлдузларини жалб қила олиши керак. "Челси" Моуринё билан жуда қизиқарли жамоага айланган ва барчанинг э'тиборини қозонган, "Манчестер Сити" таркиби учун катта пул сарфлаб совринлар ютишни бошлаган, Гвардиола жамоа ғалабаларини барқарорлаштирди, "ПСЖ" эса Энрике бощилигида соврин машинасига айланди.
[Фото: Коллаж/"Дарё"]
Сезяпсизми, қандайдир ёпиқ айлана пайдо бўляпти. Бир кичик клуб, масалан, "Нюкасл" ҳақиқий топ даражага чиқиши учун бир неча йил барқарор шаклда юқори ўринлар ва совринлар учун курашиши керак. Совринлар учун курашишнинг йўли – таркибни кучли футболчилар билан тўлдириш. Кучли футболчиларни жалб қилиш учун эса катта пул сарфлаш керак. Катта пулларни сарфлай олиш учун эса клубнинг футбол даромадлари катта бўлиши зарур. Футбол даромадлари йирик бўлиши учун эса клубнинг ўзи ҳам катта бўлиши керак. Клуб катта бўлиши учун эса... Яна энг бошига қайтамиз, айлана ёпилди. Бу ёпиқ айланага киришнинг иложи йўқ. Илгари клублар "юқори ўринлар учун курашишга кучли футболчилар керак" деган босқичда ташқаридан пул сарфлаб таркибни кучайтириб олишарди, худди "Челси" ёки "Манчестер Сити" каби. Ҳозир бундай пул ишлата олмас экансиз, табиийки, айланага кира олмайсиз.
[Фото: Премиер леагуе]
Шунинг учун ҳам "Астон Вилла" ўтган мавсум 4-ўринни олиб, Чемпионлар Лигасига чиққан бўлса-да, Морган Рожерсни "Челси"га сотишга мажбур. Сабаби, Морган Рожерснинг ўзи ҳам алоҳида бир лойиҳа: у ҳам футболчи сифатида ўсишни, совринлар ютишни истайди. "Астон Вилла" уни олиб қолиш учун таркибни кучайтириши, айтайлик, чемпионлик учун курашишга тайёр эканини Рожерсга кўрсата олиши керак. Лекин клубда янги футболчиларга сарфлаш учун катта пул йўқ, чунки даромад келтирадиган йирик маркетинг шартномалари, улкан фанбаза мавжуд эмас. "Челси" эса ўтган мавсум ҳатто 10-ўринни ололмаган бўлса-да, ўша ишончни Рожерсга бера олади, зеро "Челси" қайси ўринни олишидан қат'и назар "Вилла"га нисбатан каттароқ даромад манбаига эга. "Вилла" етакчи футболчиларини сотишга мажбур бўлади ва ўрнини бошқалар билан тўлдиради. Бу йўл билан барқарор ўсишга эришиш қийин, агар бир даражада ушлаб турилса ҳам катта муваффақият саналади. Энг яхши ҳолатда "Астон Вилла" яна 4-5-ўринлар учун курашиши мумкин ва шунинг ўзи ҳам муваффақият саналади.
[Фото: Челсеа]
Кўряпсизми, ўша 2009-йилда ўрнатилган бугунги шартларда янги, барча совринлар учун курашадиган топ-клуб пайдо бўлишининг иложи йўқ. Кичик клублар бирданига катта футбол даромадларини топа олмайди. Ташқаридан пул киритиш эса имконсиз. Улгурган улгурди.

