Ёнғоқ инсултдан кейин мия тикланишини тезлаштириши мумкин — тадқиқот

**Ёнғоқ инсултдан кейин мия тикланишини тезлаштириши мумкинлиги аниқланди — тадқиқот**
Монаш университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ёнғоқ истеъмоли инсултдан кейин миянинг тикланиш жараёнини тезлаштириши мумкин. Тадқиқотда ўртача ёши 61 ёш бўлган 1771 нафар кўнгиллининг маълумотлари таҳлил қилинди.
Иштирокчиларнинг овқатланиш тартиби ҳақидаги маълумотлари тўпланди, шунингдек, улар хотира, ахборотни қайта ишлаш тезлиги ва мантиқий фикрлаш бўйича тестлардан ўтказилди. Олимлар МРТ ёрдамида мия ва гипокамп ҳажмини баҳоладилар, қолаверса, қонда асаб тизими ва қон томирлари саломатлиги билан боғлиқ оқсилларни ўлчадилар.
Аввал инсултни бошдан кечирмаган 1742 нафар иштирокчининг маълумотлари таҳлил қилинганда, ёнғоқни кўпроқ истеъмол қилиш умумий когнитив кўрсаткичларнинг яхшироқ бўлиши билан боғлиқ экани аниқланди. Бу боғлиқлик, айниқса, овқатланиш сифати паст ва жисмоний фаоллиги кам бўлган одамларда яққолроқ кузатилган. Жисмоний фаол иштирокчиларда эса ёнғоқни кўпроқ истеъмол қилиш миянинг умумий ҳажми каттароқ бўлиши билан боғлиқ бўлган.
Шу билан бирга, уларнинг қонида ВЕГФ даражаси юқорироқ экани кузатилган. Олимларнинг тушунтиришича, ушбу оқсил янги қон томирлари ҳосил бўлишида иштирок этади ва шикастланган тўқималарнинг тикланишига ёрдам бериши мумкин.
Тадқиқотчилар ёнғоқ таркибидаги фойдали ёғлар, витаминлар ва минераллар мия саломатлигини қўллаб-қувватлаши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бироқ, тадқиқот ёнғоқ когнитив функсияларни бевосита яхшилаши ёки умуман инсултнинг олдини олишини исботламайди.

