Маҳаллий

«Ёмғирли кунларга қолиб кетади, деб қўрқяпмиз»: Чақар маҳалласи аҳолиси нимадан норози?

Шайхонтоҳур туманидаги Чақар маҳалласида ободонлаштириш ишларидан сўнг аҳоли ноқулай шароитда қолганидан шикоят қилмоқда. Уларнинг айтишича, ҳудуддаги дарахтлар кесилган, йўлак ва асфалт қопламалари бузилган, қурилиш ишлари эса вақти-вақти билан тўхтаб қолмоқда. Масъуллар ишларни якунлашга ваъда берган. Kun.uz вазиятни ўрганди.

«Ёмғирли кунларга қолиб кетади, деб қўрқяпмиз»: Чақар маҳалласи аҳолиси нимадан норози?

Шайхонтоҳур туманидаги Чақар маҳалласида «Обод маҳалла» дастури доирасида дарахтлар кесилиб, йўлаклар ва асфалт бузилган, аммо ишлар яримта ҳолатда қолдирилган. Натижада чанг-тўзон ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Аҳоли ишларнинг охирига етказилиши ва яшил ҳудудларнинг тикланишини сўрамоқда. Маҳалла раиси кечикишни иссиқ об-ҳаво ҳамда молиявий қийинчиликлар билан изоҳлаган, туман ҳокимлиги эса ишлар давом этаётганини билдирган.

### «Бузиб қўйиб, ташлаб кетиш яхши эмас»

Маҳалла аҳолисидан бири аввалги ҳолатни эслаб, ҳудудни ободонлаштириш ишлари бошланишидан олдин ҳам айрим камчиликлар бўлганини, бироқ ҳозиргидек ноқулайликлар йўқлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, маҳаллада дарахтлар кўп бўлган, болалар ўйнайдиган жойлар мавжуд эди, асфалт йўллар эса яхши ҳолатда эди.

«Бу ерда болалар ўйингоҳлари бор эди. Дарахтлар жуда кўп эди. Кўп дарахтлар кесилиб ҳам кетди. Асфалтларимиз яхши эди. Ҳозир ҳамма ёқни бузишган, уйлар чангга тўляпти. Айниқса, ёз ойларида жуда қийналдик. Майли, сабр қилайлик, иш битиб қолар, деб кутдик. Лекин иш юрмади. Тахминан бир ой олдин айрим блогерларга мурожаат қилдик. Улар келганидан кейин бироз ҳаракат бўлди. Ҳокимиятдан келиб, икки ой ичида чиройли қилиб тугатамиз, эртадан 60–70 нафар одам ишга тушади, деб ваъда беришди. Лекин тўрт-беш киши келган бўлди, кейин яна жимлик. Ишнинг натижаси кўринмаяпти», - дейди мурожаатчи.

### «Ҳаммаси алдайди, фақат алдайди»

Яна бир мурожаатчи қурилиш ишлари бир неча кун давом этиб, кейин яна тўхтаб қолишидан норози. Унинг айтишича, ищилар келиб ҳудудни ўлчайди, нимадир бошлаётгандек бўлади, сўнг узоқ вақт кўринмай қолади.

«Ҳеч қачон бундай шароитга тушамиз, деб ўйламаган эдик. Ҳаммаси алдайди, фақат алдайди. Тўртта одам келиб ўлчади. Мен улардан: “Болам, ишлайсизларми?” деб сўрадим. “Ҳа, ишлаймиз”, дейишди. Лекин кейин улар ҳам йўқолиб қолди. Ҳар куни ваъда, ҳар куни алдаш. Яна қишгача қолиб кетади, деб қўрқяпмиз», - дейди у.

Аҳоли орасида қурилиш ҳудудида қолдирилган арматура ва бошқа қурилиш материаллари сабабли йиқилиб тушиш ҳолатлари ҳам тез-тез учраётгани айтилмоқда. Бу эса, айниқса, ҳудудда ўйнайдиган болалар хавфсизлиги борасидаги хавотирларни кучайтирмоқда.

«Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг ўринбосари келиб, зудлик билан тўғрилаб бераман, деб ваъда бериб кетди. Лекин бунақа бўлмайди. Ҳеч ким биз билан шуғулланмаяпти. Бу қачонгача давом этади? Қачонгача болаларни бемалол пастга тушириб, набираларимиз билан айланолмаймиз? Болалар учун жуда хавфли. Кўриб турибсизлар, тошлар ётибди. Зиналар олдидан тушганда арматуралар бор. Болаларнинг ўзини қўйиб юборолмаймиз. Болалар тошларни отишади, чангда йиқилишади. Ўзимиз ҳам йиқилиб, жароҳат олдик», - дея норозилик билдирди мурожаатчи.

### «Лойиҳа биз билан келишилмаган»

Учинчи мурожаатчи қурилиш лойиҳаси аҳоли билан етарлича муҳокама қилинмаганини ҳам айтди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа тайёр ҳолатда олиб келинган ва тасдиқланган. Аҳоли айрим камчиликлар юзасидан таклифлар билдирган бўлса-да, улар инобатга олинганига ишонч ҳосил қилмаган.

«Лойиҳа тасдиқланишидан олдин биз билан келишишмаган. Мен лойиҳачидан ким тасдиқлаганини сўраганимда, ҳоким ўринбосари тасдиқлаганини айтди. Лекин ҳоким ўринбосари бу ерда яшамайди. Биз яшаймиз. Биздан келиб сўрашлари керак эди», - дейди у.

Мурожаатчининг таъкидлашича, у лойиҳадаги айрим камчиликларни кўрсатиб, уларни тўғрилашни сўраган. Бироқ ваъдалар берилган бўлса-да, якуний натижада таклифлар ҳисобга олинмаган.

У шунингдек, қурилиш даврида аҳолини хабардор қилиш, экологик шароитни ҳисобга олиш ва ҳудуддаги ўзгаришлар бўйича очиқ мулоқот олиб бориш зарурлигини таъкидлади. У Конституциянинг 49-моддасига ҳам ишора қилиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳуқуқларга эътибор қаратиш лозимлигини билдирди.

«Дарахтлар кесилаётган пайтда Экология вазирлигига мурожаат қилганман. Вазирлик вакиллари келиб: “Ким рухсат берди?” деб сўрашди. Рухсат йўқлигини айтишди. Шунда улар: “Ишимизга халақит бердингиз”, деб жавоб беришди. Мен эса уларга: “Агар бир дарахтни айланиб ўтиш қўлингиздан келмаса, демак, тажрибангиз етмаяпти. Чет давлатларда кўприкларни ҳам айланиб ўтишади, бизда эса оддий брусчаткани айланиб ўтишнинг иложи бўлмаяптими?” дедим. Улар кесилган дарахтлар ўрнига 300–500 долларлик дарахтлар олиб келиб экишларини айтишди. Лекин бу ерга қанча пулли дарахт олиб келиб экишмасин, экологик вазиятни тушунадиган одам бу жойга дарахт экишнинг ўзи етарли эмаслигини англайди. Чунки ернинг таги, ўзингиз кўриб турибсиз, қурилиш материаллари, чиқиндилар ва тошларга тўла», - деди мурожаатчи.

### Маҳалла раиси: ишлар бир ой ичида якунланиши керак

Маҳалла раиси аҳоли фикри ўрганилганини таъкидлаб, «Обод маҳалла» дастури доирасидаги лойиҳа бошланишидан аввал ҳокимлик ва маҳалла вакиллари аҳоли билан бир неча бор учрашиб, тушунтириш ишлари олиб боргани, лойиҳаларни кўрсатгани ва аҳоли уларни маъқуллаганини айтди.

«Аҳоли фикри ўрганилган, лойиҳа бошланишидан аввал маҳалла ва ҳокимлик вакиллари аҳоли билан бир неча бор учрашиб, тушунтириш ишларини олиб боришган. Лойиҳалар кўрсатилганида аҳоли рози бўлиб, хурсанд ҳам бўлган. Ёздаги кучли иссиқ сабабли ишлар бир ойга тўхтаб қолди, кейин молиявий масалада ҳам муаммо бўлди, лекин у ҳал қилинди. Ҳозиргача ажратилган маблағ ҳисобидан ишларнинг 60–70 фоизи бажарилди, қолган ишлар учун кейинги маблағни кутяпмиз. Шаҳар ҳокимлиги ҳудудни бир ой ичида тўлиқ якунлаб, аҳолига топширишини айтган. Бу ерда аҳоли дам оладиган жойлар ва болалар майдончалари ташкил этилади. Бу аввал қаровсиз жой эди, уни ободонлаштириш бўйича кўп мурожаатлар бўлган. Мен маҳалла раиси сифатида ишнинг бошидан жавобгарликни ўз зиммамга олганман ва охиригача жавоб бераман. Ҳудуд ташлаб қўйилмайди, аҳоли хавотир олмасин», - деди маҳалла раиси.

### Ҳокимлик: «Иш тўхтамаган»

Вазият юзасидан туман ҳокимлиги матбуот котибининг ҳам фикри олинди. У қурилиш ишлари тўхтамаганини, қурувчилар фақат шанба ва якшанба кунлари дам олишини айтди. Шу билан бирга, у ободонлаштириш ишлари учун ҳар бир фуқародан алоҳида рухсат олиниши шарт эмаслигини билдирди.

«Чақар маҳалласида иш кетяпти, иш тўхтамаган. Шанба-якшанба қурувчилар дам олишди. Сизга нотўғри ахборот беришибди. Бўлмаган гап, ёлғон гапиришган сизга. Мен ўзим ўтган ҳафта бориб, у ерда тасвирга олиб келдим. Иш бўляпти», - деди матбуот котиби.

Унинг таъкидлашича, ҳоким ўринбосари қурилиш ишлари 15-ноябргача якунланишини билдирган. Матбуот котиби ушбу муддатга қадар ишлар кўзга кўринадиган даражага етиб боришини айтди.

Kun.uz 13-сентабр куни ҳудудга борганда, жойида ищилар кўринмаган ва қурилиш жараёни тўхтаб турган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.