“Йил ўқитувчиси” танлови ғолиблари аниқланди: уларнинг ҳар бирига 616 млн сўмдан берилади

“Йил ўқитувчиси” танлови ғолиблари маълум бўлди: ҳар бирига 616 млн сўмдан топширилади
Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган “Йил ўқитувчиси” танлови якунига етди. Республика миқёсида биринчи ўринни олган педагогларнинг ҳар бири 616 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.
Жорий йилги танловда мамлакат бўйлаб 46 мингдан ортиқ педагог қатнашди. Якунда 208 нафар ўқитувчи ғолиб деб топилди. Ғолиблар рўйхати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан эълон қилинди.
“Йил ўқитувчиси” 2026-йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши белгиланган. Унда номзодлар ўзлари дарс берадиган битта фандан, бошланғич синф ўқитувчилари эса бошланғич таълим йўналишидан қатнашади. Рўйхатдан ўтиш вазирликнинг махсус платформаси орқали амалга оширилади.
Танлов уч босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади. Иккинчи босқичда педагогик маҳорат ҳакамлар ҳайъати ва педагоглар томонидан баҳоланиб, номзод ўтказган дарснинг видеоёзуви махсус платформага жойлаштирилади. Учинчи босқичда эса номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлиги баҳоланади.
Танловда ғолиб бўлган педагогларга 1 400 БҲМ миқдоридаги бир марталик пул мукофоти берилади. Бундан ташқари, танлов ғолибларини тайёрлаган устозларни рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

