Европанинг уч давлатида Ҳеллоуин ширинликлари ичидан ўткир буюмлар топилди
Австрия, Германия ва Венгрияда ўнлаб ҳолатлар қайд этилган, жумладан, тўққиз ёшли қизча таркибида тўғноғич бўлган шоколад еб, тилини жароҳатлаган.

Европанинг учта мамлакатида Ҳеллоуин ширинликлари ичидан ўткир буюмлар топилди
Германия, Австрия ва Венгрияда Ҳеллоуин байрамида тарқатилган ширинликлар ичидан игналар ва бошқа ўткир металл буюмлар топилди, бу эса полицияни ота-оналарни фарзандлари олган нарсаларни текширишдан огоҳлантиришга мажбур қилди.
Германиянинг бир неча федерал ерларида полиция жануби-шарқдаги Бавариядан тортиб шимолдаги Қуйи Саксониягача бўлган ҳудудларда шу каби ҳодисалар ҳақида хабар берди.
Гамбургдан ғарбда жойлашган Бремерфёрде шаҳрида тўққиз ёшли қиз шоколад пачкасини еяётганда тилини жароҳатлади. Кейинчалик унинг ичидан узунлиги 5 см бўлган тўғноғич топилди.
Венгрияда Будапештдан шарқда жойлашган Дьёмрё шаҳри ва унинг атрофида Ҳеллоуин байрамида ширинлик сўраб юрган болаларга берилган конфетлар ичидан михлар, винтлар ва сим бўлаклари топилгач, полиция жиноий тергов бошлади.
Маҳаллий ҳокимиятнинг маълум қилишича, бир ёш қизга шоколад ўрови ичида мих бўлган ирис берилган ва хайриятки, у буни ўз вақтида пайқаб қолган, шунинг учун конфетни ютиб юбормаган.
Бутун Австрия бўйлаб ҳам бир нечта шундай хабарлар келиб тушди, мамлакат Ички ишлар вазири Герхард Карнер бу ҳодисаларни "қўрқоқларча, ғаразли ва баъзи ҳолларда ҳаёт учун хавфли" деб таърифлади.
У ердаги полициянинг билдиришича, тўртта федерал ерда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, Линцдан шарқда жойлашган Амштеттен ҳудудида 10 ёшли қиз кичик шоколад пачкасини тишлаганида оғзидан енгил жароҳат олган.
Қуйи Австрия губернатори Йоханна Микл-Ляйтнер жиноятчилар қонуннинг бутун қатъиятлилиги билан жазоланиши кераклигини таъкидлаб, шундай деди: "Болаларимиз ташвишсиз болаликка лойиқдир ва биз буни таъминлашда давом этамиз".
Германиянинг жануби-шарқидаги Бавария полицияси сўнгги икки йил ичида ўхшаш ҳолатлар қайд этилган бўлса-да, бу йилги дастлабки рақамлар ҳодисаларнинг сезиларли даражада ортганини кўрсатаётганини маълум қилди.
Баварияда полиция таркибида игна, винт ёки мих бўлган ширинликлар билан боғлиқ 25 тагача ҳолатни қайд этди.
Бавария ғарбидаги Ўрта Франкония полицияси ҳам бир она ўз фарзандининг шоколадидан игна топиб, бу ҳақда полицияга хабар берганидан сўнг, тақлидий ҳаракатлар хавфидан огоҳлантирди.
Кейинчалик у полицияга қайтиб, фарзанди игнани ўзи қўйганини тан олганини айтди.

