Европанинг энг кучли 5 та разведка хизмати: рўйхатда кимлар бор?

**Европанинг Энг Кучли 5 Разведка Хизмати: Кимлар Рўйхатда?**
ЛъЕхпресс нашри томонидан эълон қилинган Европа разведка хизматлари рейтинги 25 мамлакатдан жалб қилинган 60 нафар махсус хизмат мутахассиси томонидан тузилди. Уч ой давом этган ушбу тадқиқотда 17 нафар амалдаги ёки яқинда лавозимини тарк этган махсус хизматлар раҳбарлари, шунингдек, АҚШ Марказий разведка бошқармаси (СИА) ва Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати вакиллари иштирок этди.
Ҳар бир эксперт ўзининг энг яхши бешта разведка хизматини танлаб, уларга балл берди (1-ўрин — 5 балл, 5-ўрин — 1 балл). Баҳолашда самарадорлик ва ишончлилик асосий мезон бўлди. Хусусан, Россия, Хитой ва Эрон раҳбариятида агентлар тармоғининг мавжудлиги, қўпорувчилик ва махфий операцияларни ўтказиш салоҳияти, сунъий йўлдош, кибер ҳамда радиоелектрон разведка имкониятлари, шунингдек, иттифоқчилар билан маълумотларни сизиб чиқиш хавфисиз алмашиш инобатга олинди.
**Европанинг Энг Кучли Разведка Хизматлари**
1. **Буюк Британиянинг МИ6 хизмати (251 балл)** катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллади. У юқори лавозимли шахсларни махфий манба сифатида ёллаш ва улар билан узоқ йиллар давомида ишончли алоқаларни сақлаб қолгани билан эътироф этилди. Бу, айниқса, Россия, Хитой, Туркия ва Эрондаги фаолиятида яққол намоён бўлгани қайд этилди.
2. **Франсиянинг ДГСЕ разведка хизмати (169 балл)** иккинчи ўринни эгаллади. У агентура разведкасидан тортиб, хорижда махфий операциялар ўтказишга ихтисослашган ”Ҳаракатлар хизмати”гача бўлган кенг имкониятлари билан ажралиб тургани таъкидланди.
3. **Нидерландиянинг АИВД ва МИВД разведка хизматлари (97 балл)** учинчи ўринни қўлга киритди. Мутахассислар уларни сарфланган ресурс ва эришилган натижа нисбати бўйича энг самарали хизматлардан бири деб баҳолади. Бунга разведканинг Стухнет вируси билан боғлиқ операциядаги иштироки ҳамда Созй Беар хакерлар гуруҳини фош этгани мисол сифатида келтирилди.
4. **Украинанинг Хавфсизлик хизмати (СБУ) ва Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР) (77 балл)** кутилмаганда тўртинчи ўринни эгаллади. Мутахассислар уларнинг инновацион ёндашуви, технологик топқирлиги ва хавфли операцияларни амалга оширишга тайёрлигини юқори баҳолади. Жумладан, Россиянинг стратегик авиациясига зарба бериш ва Москвадаги ҳарбийларни йўқ қилиш бўйича амалиётлар тилга олинди. Бироқ Украина ҳали ҳам ҳамкор давлатларнинг тўлиқ ишончини қозона олмагани қайд этилди.
5. **Германиянинг БНД хизмати (62 балл)** бешинчи ўринни эгаллади. Мутахассислар уни таҳлил ва прогноз қилиш борасида кучли деб баҳолаган бўлса-да, тезкор операцияларни амалга ошириш салоҳияти заифлигини танқид қилди.
**Европанинг Энг Заиф Разведка Хизматлари**
Рейтингнинг қуйи поғонасидан **Австрия (3 балл)** ўрин олди. Бунга Россия агентлари мамлакат тизимига кириб боргани ҳақидаги узоқ йиллик шубҳалар сабаб бўлди. Айнан шу шубҳа Австрияни бир муддат Европа разведка хизматлари ҳамкорлик тармоғи — Берн клуби фаолиятидан ҳам четлаштирганди.
Шунингдек, **Латвия разведка хизматлари (1 балл)** ҳам энг паст баҳоланганлардан бири бўлди. Экспертлар уларни Болтиқбўйи давлатлари орасида Россия таъсирига энг заиф хизмат деб ҳисоблайди. Ирландия, Люксембург, Малта ва Кипр эса тор ихтисослашув ёки тизимли муаммолар сабаб рейтингга умуман киритилмаган.
Экспертлар ва собиқ агентлар **Венгрия, Болгария** ҳамда **Словакия** разведка хизматларини ҳам кескин танқид қилди. Уларнинг фикрича, Виктор Орбан даврида Венгрия разведка маълумотлари алмашинувида ишончсиз ҳамкор сифатида қаралган, шунингдек, махсус хизматлардан сиёсий мақсадларда фойдаланилгани қайд этилди. Болгария элиталари эса Москва таъсирига ўта заиф деб баҳоланди.
Сўров иштирокчилари деярли бир овоздан Словакия махсус хизматини рейтингнинг мутлақ ауцайдери деб атади. У непотизм, ходимлар малакасининг пастлиги ва Россия билан алоқалари учун танқид қилинди.

