Европадаги аномал иссиқ АЕС ишига қандай таъсир қилмоқда?
Европада давом этаётган аномал иссиқлик ва дарёларда сув сатҳининг пасайиши атом электр стансияларини ишлаб чиқариш қувватини қисқартиришга мажбур қилмоқда. Айрим даврларда Франсия АЕСнинг мавжуд қуввати 8–9 гигаваттгача чекланган. Бу ҳолат нафақат атом энергетикасига, балки Европа электр тармоқлари барқарорлиги, давлатлараро электр савдоси ва нархларга ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Европадаги ғайритабиий иссиқлик атом электр стансиялари (АЕС) фаолиятига қандай таъсир кўрсатмоқда?
Европада кузатилаётган кучли жазирама туфайли Дунай ва бошқа йирик дарёларда сув сатҳи кескин пасайиши атом электр стансияларининг об-ҳаво шароитлари ва сув ресурсларига боғлиқлигини яна бир бор яққол намойиш этди.
Венгриядаги ягона "Пакш" АЕС бунга мисол бўла олади. Одатда мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг қарийб 40 фоизини қоплайдиган ушбу стансияда ҳозирда тўртта энергоблокдан фақат биттаси ишламоқда. Дунайда сув сатҳининг рекорд даражада пасайиши бир пайтлар стансиянинг бутунлай тўхтатилиш хавфини ҳам келтириб чиқарган эди.
Бироқ, Европа электр энергияси бозори учун Франсиядаги вазият янада муҳимроқдир. Чунки Европада ҳеч бир давлат электр таъминотида атом энергетикасига Франсия каби юқори даражада таянмайди.
Агар Франсия АЕСларида ишлаб чиқариш камайса, мамлакат қўшни давлатларга электр энергияси экспортини қисқартиришга ёки айрим ҳолларда ўзи импорт қилишга мажбур бўлиши мумкин.
Франсия Ҳисоб палатасининг 2023-йилги ҳисоботига кўра, 2000-2022-йиллар оралиғида сув ҳароратининг кўтарилиши ва дарёлар сатҳининг пасайиши сабабли АЕСлардаги йиллик электр ишлаб чиқариш йўқотишлари деярли ҳар йили атом энергетикаси умумий ишлаб чиқаришининг 1 фоизидан камини ташкил этган.
Ҳатто 2003-йилдаги ғайритабиий иссиқ ёзда ҳам йиллик йўқотиш тахминан 1,5 фоизни ташкил этган.
Бироқ, йиллик рақамлар муаммонинг қисқа муддатларда қанчалик жиддий тус олишини тўлиқ акс эттирмайди. Масалан, 2003-йил ёзида Франсия АЕСлари айрим вақтларда қувватни 6 гигаваттдан кўпроққа қисқартиришга мажбур бўлган.
2026-йил июн ойи охири ва июл ўрталаридаги кучли жазирама даврида эса максимал мавжуд қувват вақтинча 8-9 гигаваттга чекланган. Айрим пайтларда бу Франсия атом энергетикасининг ёздаги одатий қувватининг қарийб бешдан бир қисмига тенг бўлган.
Шу билан бирга, 8 гигаватт қувватнинг чекланиши айнан шунча электр энергияси ишлаб чиқарилмай қолди дегани эмас. Айрим реакторлар ёзда талабнинг пасайиши, қуёш энергетикаси ишлаб чиқаришининг кўпайиши, режали ишлар ёки электр тармоғидаги чекловлар сабаб барибир тўлиқ қувватда ишламас эди.
Энергетика тармоғи операторлари маълумотига кўра, 2026-йилги жазирама тўлқинлари даврида ҳам Франсияда етарли захира қувватлари сақланиб қолган ва мамлакат электр энергиясининг соф экспортчиси бўлиб қолган.
Атом электр стансияларида реактор ишлаб чиқарадиган иссиқликнинг тахминан учдан бир қисми электр энергиясига айлантирилади. Қолган катта қисми совитиш тизими орқали ташқи муҳитга – кўпинча дарё ёки денгизга чиқарилади.
Дарёда сув камайганда ортиқча иссиқлик кичикроқ ҳажмдаги сувга тарқалади. Натижада сув ҳарорати янада тез кўтарилади.
Иссиқ сувда кислород миқдори камаяди. Бу балиқлар ва бошқа сув жонзотларига зарар етказиши мумкин. Шу сабаб қонунчиликда сув ҳарорати бўйича чекловлар белгиланган.
Демак, ёзда АЕС реактори қувватининг пасайтирилиши кўп ҳолларда реактордаги авария хавфи билан эмас, балки дарё экотизимини ҳимоя қилиш зарурати билан боғлиқ.
Электр таъминоти билан боғлиқ кескин вазиятларда Франсия ҳукумати ушбу экологик меъёрлардан вақтинча четга чиқишга рухсат бериши мумкин. Бундай ҳолатларда сув ҳавзалари устидан кучайтирилган назорат ўрнатилади ва ЭДФ компанияси қисқа муддатда қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариши мумкин.
Совитиш миноралари – градирнялар билан жиҳозланган АЕС дарёдан анча кам сув олади ва унга камроқ иссиқлик чиқаради. Бироқ бу стансияларни об-ҳаво шароитидан бутунлай мустақил қилмайди.
Масалан, Франсия жанубида Гаронна дарёси бўйидаги "Голфеш" АЕСда градирнялар мавжуд. Шунга қарамай, ёзда дарё сувининг қаттиқ қизиши ва сатҳининг пасайиши сабаб стансия иқлим ўзгаришларига энг заиф объектлардан бири ҳисобланади.
2020-йилда Маас дарёсидаги "Шо" АЕС ҳам совитиш минораларига эга бўлишига қарамай, реакторлар қувватини пасайтиришга мажбур бўлган. Бундан мақсад Белгиянинг ичимлик суви таъминотига хавф туғдирмаслик эди.
Франсия Ҳисоб палатаси экспертлари 2050-йилга келиб иқлим омиллари туфайли реакторларни мажбуран тўхтатиш ҳолатлари ҳозиргига нисбатан уч-тўрт баробар кўпайиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.
Ҳозир бундай тўхташлар умумий ишлаб чиқаришда катта улушни ташкил этмайди. Шу сабаб ҳатто бир неча баробар ўсиш ҳам бутун атом энергетикаси тизимининг ишдан чиқишига олиб келиши кутилмаяпти. Бироқ айрим АЕС учун муаммо жиддий тус олиши мумкин.
Франсия қўшимча градирнялар қуриш, сувни чуқурроқ қатламлардан олиш тизимларини жорий этиш ва техник хизмат кўрсатиш жадвалларини такомиллаштириш орқали хавфларни камайтиришни режалаштирмоқда. Бироқ бундай модернизация катта маблағ ва қўшимча майдон талаб қилади.
Янги АЕСни қуришда ҳам иқлим ўзгариши ҳисобга олинмоқда. Франсия биринчи босқичда режалаштирган олтита замонавий ЭПР2 реакторининг тўрттасини денгиз соҳилида – Пенли ва Гравлинда қурмоқчи. Яна икки реактор Рона дарёси бўйидаги Бюже ҳудудида барпо этилади ва уларда дарёга иссиқлик таъсирини ҳамда сув сарфини камайтириш учун градирнялардан фойдаланиш кўзда тутилган.
Франсия АЕСларида қувват пасайишининг таъсири бошқа Европа мамлакатларида ҳам сезилмоқда.
24-июн куни дарёларда сув ҳарорати юқори бўлгани сабаб Франсия АЕСларида электр ишлаб чиқариш қуввати тахминан 4,1 гигаваттга қисқарган.
Натижада Франсиянинг электр энергияси экспорти 3 гигаваттгача тушган. Ҳолбуки, бундан бир ҳафта аввал мамлакат қўшниларига 10-12 гигаватт электр энергияси етказиб бераётган эди.
Электр энергиясига талабнинг ошиши, шамол электр стансияларида ишлаб чиқаришнинг пасайиши ва газ электр стансияларидан кўпроқ фойдаланиш билан бирга бу ҳолат Франсия ва Германияда электр нархларининг қисқа муддатга 2025-йил январидан бери энг юқори даражага кўтарилишига олиб келган.
Июлдаги кейинги жазирама тўлқинларида АЕСга қўйилган чекловлар янада кенгайган. 13-июл куни саккизта реакторда жами 6,3 гигаватт қувват чекланган, яна иккита реактор электр тармоғидан бутунлай узилган.
Шунга қарамай, Франсия 10 гигаваттдан ортиқ электр энергиясини экспорт қилишда давом этган. Айрим вақтларда эса Испанияда қуёш ва шамол стансияларида ишлаб чиқарилган арзон электр энергиясини импорт қилган.
Ҳозирча жазирама сабаб АЕС қувватининг пасайиши Франсия ва Европа энергетика тизими бошқара оладиган муаммо бўлиб қолмоқда. Аммо келажакда бу умумевропа миқёсида электр энергияси танқислигига айланадими-йўқми – бошқа давлатлардаги талаб, иқлим шароити ҳамда шамол ва қуёш энергетикасининг ишлаб чиқариш ҳажмига ҳам боғлиқ бўлади.

