Европада йилига 800 минг тонна карбонат ангидридни атмосферага чиқишдан сақлайдиган қурилма ишга туширилди

Европада йилига 800 минг тонна карбонат ангидриднинг атмосферага чиқишини тўхтатадиган қурилма ишга тушди
Норвегиянинг Яра кимё компанияси Нидерландиянинг Слейскил шаҳридаги аммиак заводида Европа миқёсида энг йирик саноат карбонини тутиб қолиш қурилмасини ишга туширди. Ушбу қурилма йилига 800 минг тонна СО₂ (карбонат ангидрид)ни ушлаб қолишга қодир. Бу Нидерландиядаги йиллик иссиқхона газлари чиқиндиларининг тахминан 0,5 фоизига тенг.
Корхоналарда аммиак ишлаб чиқариш жараёнининг ўзида ажралиб чиқадиган карбонат ангидрид суюлтирилиб, завод ҳудудидаги катта оқ резервуарларда вақтинча сақланади. Кейин СО₂ денгиз орқали Норвегияга олиб борилади. Бу иш билан Яранинг ҳамкори Нортҳерн Лигҳц шуғулланади. Компания йилига 1,5 миллион тонна СО₂ қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, ҳозирда бу кўрсаткични 5 миллион тоннагача ошириш устида ишламоқда.
Карбонат ангидрид Норвегия қирғоқлари яқинидаги денгиз тубига, 2600 метр чуқурликдаги ерости резервуарига юборилади. Қурилма 15 йил давомида жами қарийб 12 миллион тонна СО₂ ни ер остида сақлаши кутилмоқда.
Таққослаш учун, 2025-йилда дунё бўйича фақат қазилма ёқилғиларни ёқиш натижасида атмосферага чиқарилган СО₂ миқдори 42 миллиард тоннадан ошган. Шу боис битта заводнинг глобал миқёсдаги ҳиссаси унчалик катта эмас.
Бундан ташқари, дунёда бундан ҳам йирик карбон тутиш обьектлари бор. Масалан, Хитойдаги Ҳуаненг Лонгдонг мажмуаси йилига 1,5 миллион тонна СО₂ ни ушлаб қолади. Бу Яранинг Нидерландиядаги лойиҳасидан қарийб икки баравар кўп.
Карбонни тутиб, ер остида сақлаш технологияси асосан кимё ва металлургия саноатида қўлланилади, чунки бундай заводларда СО₂ ажралиши муқаррар.
Шу сабабли Нортҳерн Лигҳц каби лойиҳалар фақат битта компания учун эмас, балки бутун саноат учун муҳим ҳисобланади. Норвегия қирғоқлари яқинидаги денгиз туби остида жойлашган резервуарлар Европадаги бир нечта саноат корхоналаридан келадиган СО₂ ни қабул қилиш учун мўлжалланган. У ердан эса СО₂ қарийб 100 километр узунликдаги сувости қувури орқали денгиз туби остидаги геологик қатламга юборилади.

