Дунё

Европада ўрмон ёнғинлари авж олди: қурбонлар бор

Европанинг бир қатор мамлакатларида кучли иссиқ ва қурғоқчилик фонида ўрмон ёнғинлари давом этмоқда. 15–16-август кунлари Греция ва Испанияда ёнғинлар оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Юзлаб одамлар хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинди, ўн минглаб гектар ўсимлик майдони ёниб кетди.

Европада ўрмон ёнғинлари авж олиб, қурбонларга сабаб бўлмоқда. АФП агентлигининг хабар беришича, Афина яқинидаги Саламин оролида икки кишининг жасади соҳил бўйидан топилган. Испаниянинг шимолий Арагон минтақасида эса ёнғинни ўчиришда иштирок этган бир ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

Греция соҳил қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, Саламин оролида деярли бир вақтнинг ўзида иккита ўрмон ёнғини бошланган. Ёнғин ўчоқлари оролнинг жанубий ва шарқий қисмларидаги одамлар гавжум пляжлар яқинида қайд этилган. Вазият оғирлашгач, соҳил қўриқлаш хизмати патрул катерлари ва бошқа кемалар ёрдамида 570 дан ортиқ кишини эвакуация қилган.

Греция ёнғин хизмати маълумотларига кўра, Саламинда кекса эр-хотин ёнғин қурбони бўлган. Қутқарувчилар уларга ўз вақтида ёрдам бера олмаган. Кучли шамол туфайли олов жуда тез тарқалган. Греция телевидениеси ёнғин оқибатида бутунлай ёниб кетган уйларни намойиш этган. АНА агентлигининг хабар беришича, камида тўққиз киши куйиш жароҳатлари сабабли тиббий ёрдамга муҳтож бўлган.

Сўнгги маълумотларга кўра, орол шарқидаги Селиния пляжи атрофидаги ёнғин назорат остига олинган. Жанубдаги Перистерия пляжи яқинида эса алоҳида ёнғин ўчоқлари сақланиб қолган. Оловга қарши курашга қарийб 200 нафар ўт ўчирувчи, олтита самолёт ва еттита вертолёт жалб қилинган. Саламин оролида тахминан 37 минг киши истиқомат қилади, уларнинг салмоқли қисмини кекса ёшдагилар ташкил этади. Греция қутқарув хизмати ҳисоб-китобига кўра, мамлакат бўйлаб бир сутканинг ўзида 34 та ёнғин қайд этилган.

Жазирама ва узоқ давом этаётган қурғоқчилик Испанияда ҳам ўрмон ёнғинларининг кучайишига олиб келган. 16-август куни Франсия билан чегарадош Арагон минтақаси раҳбари Хорхе Аскон ёнғинга қарши курашда иштирок этган ҳарбий хизматчилардан бирининг ҳалок бўлганини маълум қилди. Маҳаллий ОАВга кўра, ҳарбий бўлган автомобил ағдарилиб кетган. Испаниянинг бошқа бир минтақаси – Андалусияда эса ёнғин туфайли эвакуация қилинган юзлаб аҳоли ўз уйларига қайтишга муваффақ бўлган. АФП маълумотларига кўра, сўнгги ўн кун ичида Андалусиядаги ёнғинлар 25 минг гектар ўсимлик майдонини йўқ қилган. Қутқарувчилар оловни фақат 16-августга келиб жиловлашга муваффақ бўлган.

Франсияда ҳам йирик ўрмон ёнғинлари кузатилди. Бироқ 16-августга келиб мамлакатнинг шимоли-шарқида, Белгия билан чегарадош Арденна департаментида ҳамда жануби-ғарбий ҳудудларда вазият барқарорлашган. Бордо шаҳридан тахминан 100 километр жанубда жойлашган ҳудудда 13-августдан бери 1700 гектар ўсимлик майдони ёнғиндан зарар кўрган. Июл ойи охирида Бордо яқинида кузатилган янада йирик ёнғин эса 40 минг гектар ҳудудни қамраб олган эди.

Белгиянинг Германия билан чегарасида жойлашган мамлакатдаги энг йирик табиий қўриқхона – «Хоес Фенн» ҳудудида ҳам ёнғинга қарши кураш давом этмоқда. АФП маълумотига кўра, 16-август куни чегара ҳудудини қалин сарғиш тутун қоплаган ва уни бир неча километр масофадан ҳам кўриш мумкин бўлган. Белгия расмийларининг маълум қилишича, атиги 24 соат ичида ёнғин майдони икки баравар кенгайиб, қарийб 3000 гектарга етган. 17-августга ўтар кечаси ёнғин кўлами ортиши сабаб Белгия чегараси яқинидаги Германиянинг Моншау шаҳрида ҳам эҳтиёт чоралари кучайтирилди. Маҳаллий ҳокимият шаҳар аҳолисининг бир қисмини эвакуация қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.