“Европа Украинани яхши кўргани учун қўллаётгани йўқ” - сиёсацҳунос
Европанинг тафаккури шундай: агар бугун Украина қуласа ва Россиянинг таъсирига ўца, домино эффекти бошланади: Россияда империячилик кайфияти ошади, посцовет ҳудуди, хусусан Марказий Осиё ва Болтиқбўйида провокациялар кўпаяди, охир-оқибат Европа Иттифоқига жиддий оқибатлар яратади. Шу сабаб Трампнинг позициясига қарамай, Европанинг Украинага қўллови барқарор қолмоқда, дейди Камолиддин Раббимов.

“Европа Украинани яхши кўргани учун қўллаётгани йўқ” - сиёсацҳунос
- АҚШ босимлари фонида Европа Иттифоқи қанча вақт Украинани қўллай олади?
Доналд Трамп ҳокимиятга келгач, АҚШнинг Украинага бериб келган катта ҳажмдаги беғараз ёрдами амалда деярли тўхтади. Ҳозир АҚШ асосан разведка маълумотларини етказмоқда, аммо бу ёрдам ҳам вақти-вақти билан узилиб қолмоқда. Украина ҳарбийларининг мувофиқлашувида муҳим ўрин тутадиган Старлинк хизматида ҳам узилишлар кузатилмоқда. Бундан ташқари, ЕИ АҚШдан сотиб олиниб, Украинага топширилиши керак бўлган қурол-аслаҳалар учун пул тўлаганига қарамай, сўнгги пайтларда АҚШ бу жараённи чўзиб юбормоқда.
Бу масалада иккита муҳим жиҳат бор. Биринчиси — АҚШдан харид қилинган ва Украинага берилиши лозим бўлган қурол-аслаҳалар. Иккинчиси эса Европа давлатлари аввалроқ АҚШдан олган стратегик қуроллар. Масалан, Патриот ҳаво мудофаа тизимлари ва узоқ масофага учувчи ракеталар. Бундай қуролларни бошқа давлатга топшириш учун АҚШ розилиги зарур, бунинг учун Пентагон тегишли рухсатларни бериши керак. Ҳозир бу жараён ҳам тўхтаб қолган.
ЕИ Украинани шунчаки яхши кўргани учун қўллаб-қувватламаяпти. Бу, биринчи навбатда, стратегик манфаатлар билан боғлиқ. Европа раҳбарлари Украинани Россия босқинига қарши тураётган ва Россиянинг ҳарбий салоҳиятини заифлаштираётган муҳим тўсиқ деб билади. Уларнинг фикрича, агар Украина йиқилиб, Россия таъсири остига тушса, домино эффекти юзага келади. Яъни бир давлатнинг қулаши бошқаларга ҳам босимни кучайтиради. Россиянинг империячилик сиёсати янада фаоллашади, посцовет ҳудудида, жумладан, Марказий Осиёда ҳам вазиятга таъсир қилади, Болтиқбўйи давлатларига қарши провокациялар кучаяди ва охир-оқибат ЕИ ҳамда НАТО учун жиддий хавфлар пайдо бўлади.
Шу боис Европа Украинага ёрдам беришни ўз хавфсизлигини ҳимоя қилишнинг бир қисми деб ҳисоблайди. Мақсад — Россияни тийиб туриш ва унинг ҳарбий имкониятларини заифлаштириш учун Украинага ёрдам бериш. Бу ёндашув идеалистик эмас, балки стратегик ҳисоб-китобга яқинроқ.
Бундан ташқари, Европа сиёсий элиталари Владимир Путиннинг ваъдаларига ишонмайди. Франсиянинг собиқ президенти Франсуа Олланд ва Германиянинг собиқ канслери Ангела Меркел каби етакчилар ўз вақтида Путин билан музокаралар олиб борган. Европа сиёсатчиларининг тажрибаси шуни кўрсатадики, Путин музокараларда ижобий ваъдалар бериши, кейин эса уларга зид ҳаракат қилиши мумкин. Шу сабаб Ғарбда Россиянинг мақсади фақат Украина билан чекланмайди, деган қараш мавжуд.
Бу қарашга кўра, Москва Европа Иттифоқини заифлаштириш, НАТОни парчалаш, АҚШ ва Европа ўртасидаги трансатлантик алоқаларга путур етказишдан манфаатдор. Россиялик сиёсий файласуф Александр Дугиннинг Ғарбга қарши қарашлари ҳам бу мунозараларда тез-тез тилга олинади. У Ғарбнинг мавжуд сиёсий тартибини тубдан ўзгартириш ғоясини илгари суриб келади.
Демак, гап фақат Украина тақдири ҳақида эмас. Бу — халқаро тартиб қандай шаклланиши, Европанинг келажакдаги хавфсизлиги ва АҚШ билан Европа ўртасидаги муносабатлар қандай ривожланиши ҳақидаги кенгроқ курашдир.
Трамп бу хавфларни қай даражада англаётгани ёки уларни қандай стратегия асосида баҳолаётгани алоҳида масала. Аммо Европа етакчилари Россияни Украинада тўхтатиш ўз хавфсизлиги учун муҳим, деб ҳисоблайди. Шу сабаб улар Украинага имкон қадар узоқ муддат ёрдам беришга интилади.
Европа Украинага ёрдам беришда давом этади. Бу ёрдамнинг икки асосий йўналиши бор: молиявий ва ҳарбий. Молиявий жиҳатдан Европа Иттифоқи 2027-йил охиригача Украина учун 90 миллиард евро ажратишни режалаштирган. Ушбу маблағнинг 60 миллиард евроси мудофаа эҳтиёжларига, 30 миллиард евроси эса бюджет ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Бироқ бу юкни барча Европа давлатлари бирдек кўтармайди, асосий масъулият бир нечта давлатлар зиммасига тушади. Венгрия ва Словакия каби мамлакатларнинг эса бу борадаги иштироки чекланган.
Россиянинг ҳозирги ҳарбий имкониятларини ҳам инобатга олиш керак. Ҳозирча Россия бутун Украинага қарши янги кенг кўламли ҳужум бошлаш ёки Одесса ва Николаев каби шаҳарларни эгаллаш учун етарли имкониятга эгами, деган савол очиқ қолмоқда. Эҳтимол, келажакда бундай уринишлар бўлиши мумкин, аммо бунинг учун Россия аввало ҳарбий салоҳиятини тиклаши ва мустаҳкамлаши керак бўлади. Шунга қарамай, Европа давлатлари Россия яқин келажакда ҳужум қилмаслигига таяниб, хотиржам бўлиб ўтиришни истамаяпти. Улар мудофаа салоҳиятини кучайтирмоқда, чегаралар хавфсизлигига кўпроқ эътибор қаратмоқда ва қуролли кучларини мустаҳкамламоқда. Шу билан бирга, Украинага ҳарбий ёрдам беришни ҳам давом эттиришга интилмоқда.

