Европа қариб бормоқда: 2050-йилга бориб ҳар учинчи инсон пенсионер бўлади

Европа Иттифоқи аҳолисининг қариши қитъа келажагидаги энг катта демографик муаммолардан бирига айланмоқда. Еврокомиссия эълон қилган янги ҳисоботга кўра, 2050-йилга бориб Европа Иттифоқида яшовчи ҳар учинчи инсоннинг ёши 65 дан ошади. Бу эса меҳнат ресурслари қисқариши, ижтимоий харажатлар ортиши ва иқтисодий ўсиш суръатларига босим кучайишини англатади.
Ҳисоботга кўра, 2026-йилда Европа Иттифоқи аҳолиси 450,6 миллион нафарни ташкил этади. Бироқ бу кўрсаткич 2050-йилга келиб 445 миллионга, аср охирига бориб эса 398,8 миллион нафаргача камайиши кутилмоқда. Шу билан бирга, 80 ёшдан ошганлар улуши ҳозирги 6 фоиздан 2100-йилга бориб 15 фоизгача ўсиши прогноз қилинган. Ўртача умр кўриш давомийлиги эса ҳозирги 81,5 ёшдан янада ошиб, аёлларда 90, эркакларда 86 ёшдан юқори бўлиши мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, кексалар сонининг ўсиши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларига катта босим юклайди. Узоқ муддатли парваришга муҳтож аҳоли сони 2025-йилдаги 36 миллион нафардан 2070-йилга келиб 48 миллион нафарга етади. Шу боис Европа давлатларининг ушбу соҳага сарфлайдиган харажатлари умумий ялпи ички маҳсулотнинг 1,7 фоизидан 2,5 фоизигача ошиши мумкин.
Демографик ўзгаришлар меҳнат бозорида ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Еврокомиссия маълумотларига кўра, ҳозирнинг ўзида меҳнатга лаёқатли аҳолининг қарийб 20 фоизи иш билан таъминланмаган. Қолаверса, 8 миллионга яқин ёшлар на ўқийди, на ишлайди ва на касбий тайёргарликдан ўтади. 2024-йилда меҳнат ёшидаги 37,9 миллион аёл иқтисодий нофаол ёки ишсиз бўлган.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2025–2050-йиллар оралиғида 15–64 ёшли аҳоли ҳар йили ўртача 1,2 млн нафарга қисқариб боради. Шу билан бирга, Еврокомиссия ушбу жараённи фақат хавф сифатида эмас, балки меҳнат бозорини модернизация қилиш, тиббиёт, инновациялар ва “узоқ умр иқтисодиёти”ни ривожлантириш учун янги имконият сифатида ҳам баҳоламоқда.
Аввалроқ 2005-йилдан 2025-йилгача бўлган 20 йиллик даврда ЙИ аҳолиси 435 миллиондан 451 миллионга етгани, ўсиш 4 фоизни ташкил этгани хабар қилинганди. Бу даврда 19 та давлатда аҳоли сони кўпайган, 8 та давлатда эса камайган.

