“Европа Ўзбекистоннинг 6 мингдан зиёд маҳсулотига нол ставкагача бож имтиёзлари тақдим этмоқда” — “Ўзбекекспертиза” раҳбари

“Ўзбекекспертиза” раҳбари маълумотига кўра, Европа Ўзбекистоннинг 6 мингдан ортиқ маҳсулотига нол ставкагача бож имтиёзлари тақдим этмоқда.
“Ўзбекекспертиза” АЖ бош директори Умиджон Аъзамхўжаевнинг таъкидлашича, Европа Ўзбекистоннинг олти мингдан зиёд товарларига нол қийматгача бож имтиёзлари бериб келмоқда.
Ташкилот расмийсининг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги 1600 дан ортиқ корхона РЕХ тизимида рўйхатдан ўтиб, ўз маҳсулотларини Европа бозорларига имтиёзли божлар асосида экспорт қилмоқда. Бу савдолар “ГСП+” дастури доирасида амалга оширилмоқда.
“Мамлакатимизга Европа Иттифоқи томонидан “ГСП+”, яъни махсус савдо режимининг тақдим этилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдонларда юқори эътироф этилишидан далолат беради. Биз республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга келиб чиқиши тўғрисида сертификат берамиз. Махсус савдо режими доирасида мамлакатнинг олти мингдан зиёд товарларига нол қийматигача бож преференсиялари тақдим этилмоқда”, — деди ташкилот раҳбари.
2025-йилда Ўзбекистон Европага 2,3 миллиард долларлик товар ва хизматлар экспорт қилган. Жорий йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 1,1 миллиард доллардан ошди. Мамлакат учун “ГСП+”дан фойдаланиш муддати 2027-йилнинг 31-декабригача белгиланган.
“Ўзбекекспертиза” аксиядорлик жамияти Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган товарларни сертификатлаш ва экспертизадан ўтказиш билан шуғулланади. Шунингдек, экспорт қилувчиларни Европа Иттифоқининг РЕХ тизимида рўйхатдан ўтказади.
“ГСП+” дастури — Европа Иттифоқи бозорларига ривожланаётган мамлакатлардан келаётган қишлоқ хўжалиги моллари ва бошқа айрим маҳсулотлар экспортига берилган имтиёзлардир. Дастурга аъзо бўлган давлатга уч мингга яқин товарларни божсиз, 3200 турдаги маҳсулотларни эса пасайтирилган ставкаларда экспорт қилиш имкони берилади. Ўзбекистон 2021-йил апрел ойида “ГСП+” дастурига қабул қилинган. Шундан бери мамлакатга 6200 турдаги маҳсулотлар экспорти учун божхона имтиёзлари тақдим этиб келинмоқда. Экспорт таркибидан тўқимачилик, кимё, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олгани маълум қилинган.
РЕХ — “ГСП+ дастури” доирасида товарларнинг имтиёзли келиб чиқишини тасдиқлаш мақсадида экспорт қилувчиларни рўйхатдан ўтказиш тизими ҳисобланади. Жараёнда экспортчи ариза ва ўз тижорат фаолияти ҳақида маълумот тақдим этади. РЕХ тизимида рўйхатдан ўтиш экспорт расмиятчилигини соддалаштиради, бож харажатларини камайтириб, кўпроқ даромад олиш имконини беради.

