Евроиттифоқ ва Канада янги халқаро алянс тузмоқда. Унда АҚШ, Хитой ва Россия йўқ

Европа Иттифоқи ва Канада АҚШ, Хитой ҳамда Россиясиз янги халқаро алянсни йўлга қўймоқда.
Европа Иттифоқи ва Канада П4М (Партнерс фор Мултилатералисм — “Кўп томонлама ҳамкорлик, халқаро ҳуқуқ, тинчлик ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлар”) номли янги халқаро алянсни тузишга тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу ташаббус 22-сентябр куни Ню Ёркда, БМТ Бош Ассамблеяси доирасида тақдим этилади.
Евроиттифоқ ва Канададан ташқари бу ташаббусга Бразилия, Кения, Ҳиндистон ҳамда Австралия ҳам қўшилган. Алянс очиқ форматда ташкил этилган бўлиб, келажакда унга бошқа давлатлар ҳам аъзо бўлиши мумкин.
Ташкилот иштирокчилари халқаро ҳамкорликни ва БМТнинг мавқейини мустаҳкамлашни мақсад қилган. Шунингдек, улар сунъий интеллект, иқлим ўзгариши ва пандемияларга қарши кураш бўйича биргаликда ишлайди. Ташаббускорлар турли сиёсий анъаналарга эга мамлакатлар ўртасида “кўприклар” қуриш зарурлигини таъкидламоқда.
Янги тузилма йирик давлатлар ўртасидаги рақобат кучайган ва анъанавий халқаро форматлар инқирозга юз тутган бир даврда пайдо бўлмоқда. Келажакда у Катта йигирмаликка (Г20) муқобил бўлиши мумкин. Чунки Г20 доирасидаги ҳамкорлик қудратли давлатлар ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб тобора мураккаблашиб бормоқда.
Аввалроқ Евроиттифоқ Канадага алянснинг илк “ассоциацияланган” аъзоси бўлишни таклиф қилганди. Бу мақом иқтисодиёт, технологиялар, энергетика ҳамда мудофаа соҳаларида жуда яқин ҳамкорликни назарда тутади. Шундан кейин АҚШ президенти Доналд Трамп бу таклифдан норози бўлиб, Европа Иттифоқига қарши божларни ошириш билан таҳдид қилган.

