Евроиттифоқ Усмоновдан санксияларни олиб ташлаганидан кўп ўтмай Озарбайжонда 10 йилга қамалган франсиялик тадбиркор афв этди

Евроиттифоқ Усмоновга нисбатан санксияларни бекор қилганидан сал ўтиб, Озарбайжонда 10 йилга ҳукм қилинган франсиялик тадбиркор афв этилди
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев “жосуслик”да айбланиб 10 йилга озодликдан маҳрум этилган франсиялик тадбиркор Мартин Раянни афв қилди.
14-сентябр куни Финансиал Тимес манбаларга таянган ҳолда, Франсия ҳукумати Озарбайжон босими остида россиялик олигарх Алишер Усмоновга нисбатан Европа Иттифоқи санксияларини бекор қилиш учун лобби қилаётгани ҳақида мақола чоп этганди. ФТ маълумотига кўра, санксияларни олиб ташлаш Озарбайжонда ҳибсга олинган Франсия фуқароларини озод этиш бўйича келишувнинг бир қисми бўлган.
Газета билан суҳбатлашган уч нафар европалик амалдорнинг айтишича, Франсия ва Словакия Владимир Путинга алоқадор 2 600 нафар жисмоний ва юридик шахсга нисбатан санксиялар муддатини узайтиришга вето қўйган. Бироқ улар Алишер Усмоновни ушбу рўйхатдан чиқаришни талаб қилган.
22-сентябр куни Европа Иттифоқи Кенгаши россиялик жисмоний ва юридик шахсларга қарши санксияларни яна уч йилга узайтиришга келишгани маълум бўлди. Алишер Усмонов ва Михаил Фридман эса санксиялар рўйхатидан чиқарилди. ФТ манбаларига кўра, Фридманга нисбатан санксияларни бекор қилишни Люксембург сўраган.
Мартин Раян 2023-йил декабрида Озарбайжонда қўлга олинган эди. У Франсия махсус хизматлари фойдасига жосуслик қилганликда айбланган. 2026-йил мартида Раян 10 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Алиев 23-сентябрдаги фармони билан жами 20 кишини афв этди. Улар орасида 2024-йил декабрида Бокуда ҳукм қилинган Россия ва Исроил фуқароси Кирилл Михайлов ҳам бор.

