Сиёсат

Евгений Хмара Украинанинг янги мудофаа вазири бўлди

**Евгений Хмара Украинанинг янги мудофаа вазири этиб тайинланди**

Украина Олий радаси 312 нафар депутатнинг овози билан Евгений Хмарани мудофаа вазири лавозимига тасдиқлади. Бу ҳақда РБК Украина хабар берди.

Президент Владимир Зеленский Хмаранинг номзодини 18-август куни парламентга тақдим этган эди. Овоз беришдан аввал депутатлар олдида сўзга чиққан Хмара ҳарбий хизматдан бўшатилганини ва ҳозирда фуқаролик мақомида эканлигини маълум қилди. Украина қонунчилигига кўра, амалдаги ҳарбий хизматчи мудофаа вазири бўлиши мумкин эмас.

"Мен сизнинг олдингизда фуқаро сифатида турибман. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонуннинг 26-моддасига мувофиқ бўшатилдим", — деди Хмара парламентдаги нутқида.

Янги вазир ўзининг асосий устувор йўналишлари сифатида қуйидагиларни санаб ўтди:

* Фронтни мустаҳкамлаш ва ҳарбийларни тезкорлик билан қурол-яроғ билан таъминлаш;

* Россиянинг ҳарбий ва стратегик обьектларига чуқур зарбалар бериш;

* Украина мудофаа саноати комплексини ривожлантириш ва қурол ишлаб чиқаришни ошириш;

* Ҳарбийларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларни тайёрлаш ҳамда адолатли хизмат қоидаларини жорий этиш;

* Президент, парламент, ҳукумат, Бош штаб, Мудофаа вазирлиги, армия, ишлаб чиқарувчилар ва ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш.

Хмара Украина урушда стратегик ташаббусни ўз қўлига олиши кераклигини, бунда маҳаллий ишлаб чиқарилган қуроллар ва узоқ масофали зарбалар ҳал қилувчи рол ўйнашини таъкидлади.

**Евгений Хмара ҳақида маълумотлар:**

Евгений Хмара профессионал ҳарбий ва махсус кучлар ходими ҳисобланади. У 2011-йилдан Украина Хавфсизлик хизматининг "А" махсус операциялар марказида хизмат қилган ва 2023-йилда ушбу бўлинмага раҳбарлик қилган.

У Киев вилояти ва Донбассдаги жангларда иштирок этган, шунингдек, Змеиний оролини озод қилиш бўйича махсус операцияга бощилик қилган. Хмара "Ўргимчак тўри" операциясида ва Россиядаги ҳарбий обьектларга дронлар билан зарбалар беришни ташкиллаштиришда ҳам қатнашган.

Манбаларга кўра, Хмара бощилигидаги "А" Марказий ҳарбий тузилмаси 5,5 миллиард доллардан ортиқ Россия техникасини, жумладан, 1800 дан ортиқ танкни йўқ қилган. У 2026-йил 5-январдан УХХ раҳбари вазифасини бажариб келган, Вазирлар Маҳкамасидаги ўзгаришлардан сўнг эса Мудофаа вазирлигини бошқарган.

Маълумот ўрнида, Украинанинг собиқ мудофаа вазири Михаил Федоров эди. Владимир Зеленский уни июл ойида ишдан бўшатган. Бунга Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский билан зиддият сабаб бўлгани айтилган. Федоровнинг истеъфоси туфайли кўчаларда норозилик намойишлари бошланган. Кўп ўтмай, Сирский ҳам ўз лавозимидан озод этилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.