Етти ўйин, етти ғалаба: Ўзбекистон Хитойни енгиб, шахмат Олимпиадасида етакчиликни сақлаб қолди
Шахмат бўйича Ўзбекистон-1 эркаклар жамоаси шахмат Олимпиадасининг 7-турида Хитойни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, максимал 14 очко жамғарди. Нодирбек Абдусатторов собиқ жаҳон чемпиони Дин Лиженни, Нодирбек Ёқуббоев эса Юй Янъини таслим этди. Жавоҳир Синдоров Вей И билан дуранг ўйнади.

Етти ўйин, етти ғалаба: Ўзбекистон Хитойни мағлуб этиб, шахмат Олимпиадасидаги пешқадамлигини сақлаб қолди
Ўзбекистон-1 эркаклар миллий жамоаси Самарқандда ўтаётган шахмат Олимпиадасининг еттинчи турида Хитой терма жамоасини енгди. Жамоа барча еттита учрашувда зафар қучиб, максимал 14 очко жамғарди ва турнирдаги якка етакчилигини янада мустаҳкамлади.
Жорий йилда жаҳон тожига даъвогар Доммаражу Гукешга қарши дона сурадиган Жавоҳир Синдаров еттинчи турда Хитойнинг энг кучли гроссмейстерларидан бири Вей И (2752) билан баҳс олиб борди. Жавоҳир бунгача уни Жаҳон кубоги ва Номзодлар турнирида мағлуб этган эди. Бу сафарги учрашув дуранг билан якунланди.
Етти турдан кейин Синдаров ҳисобида 6 та партияда 4,5 очко бор — учта ғалаба ва учта дуранг. Шу тариқа, гроссмейстер ўз уйида кечаётган нуфузли мусобақада ҳали бирор марта ҳам ютқазмаган. Синдоровнинг халқаро турнирларга, жумладан, ушбу шахмат Олимпиадасига тайёргарлиги ва иштироки, шунингдек, мураббийлар билан ишлаши Ўзбекистон Миллий банки кўмагида амалга оширилмоқда.
Нодирбек Абдусатторов ва Дин Лижен.
Еттинчи тур олдидан айнан Хитой ва Арманистон Ўзбекистоннинг энг яқин икки таъқибчиси эди. Олти турдан сўнг ўзбекистонлик шахматчилар 12 очкога, хитойликлар ва арманистонликлар эса 11 очкога эга бўлиб туришган.
Ўзаро учрашувдаги асосий очколарни икки Нодирбек тақдим этди.
Абдусатторов (2762) Дин Лиженни (2733) мағлуб этди. Ҳолбуки, хитойлик шахматчи аввалги турда жаҳоннинг кучли ўнлигидан жой олган Винсент Каймерни енгиб, Хитойнинг Германия устидан 3:1 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшган эди.
Биринчи доскада Нодирбек Абдусатторов (2762) собиқ жаҳон чемпиони Дин Лижен (2733) устидан ғалаба қозонган бўлса, Нодирбек Ёқуббоев (2685) Юй Янъини (2710) ютди. Жавоҳир Синдаров (2778) ҳамда Муҳиддин Мадаминов (2611) эса мос равишда Вей И (2752) ва Сюй Сянъюй (2631) билан дуранг қайд этди.
Икки кун аввал Ниҳал Сарин устидан қозонилган ғалабаси билан Ўзбекистоннинг Ҳиндистонга қарши муҳим муваффақиятини таъминлаган Ёқуббоев (2685) бу гал Юй Янъидан (2710) устун келди.
Якуний ҳисоб — Ўзбекистон фойдасига 3:1.
Етти тур якунига кўра, Рустам Қосимжонов шогирдлари етти ўйинда еттита ғалаба қайд этиб, максимал 14 жамоавий очкога эга бўлиб турибди. Бундан ташқари, ўзбекистонлик шахматчилар мазкур Олимпиадада ҳали яккалик баҳсларида ҳам бирор марта мағлубиятга учрамаган.
Бунгача биринчи миллий жамоа кетма-кет Ямайка, Перу, Австрия, Туркия, Венгрия ва амалдаги олимпия чемпиони Ҳиндистонни мағлуб этганди.
Ўзбекистон иккинчи эркаклар жамоаси 7-турда Олимпиадани 30-рақам остида бошлаган бўлса-да, мусобақада 9-рақам остида сараланган кучли Франсия жамоасига қарши майдонга тушди.
Дастлабки уч доскада дуранг қайд этилди. Жаҳонгир Воҳидов (2527) сезиларли устунликка эга бўлишига қарамай, Максим Ваше-Лаграв (2718) билан очкони бўлишиб олди. Абдималик Абдисалимов (2548) Максим Лагард (2593) билан, Муҳаммадзоҳид Суяров (2540) эса Марк-Андриа Маурици (2612) билан дуранг ўйнади.
Материал тайёрланаётган пайтда Ортиқ Нигматов (2484) ва Жюл Муссар (2602) ўртасидаги баҳс ҳали давом этаётган эди. Оралиқ ҳисоб — 1,5:1,5.
Олти турдан кейин Ўзбекистон-2 жамоаси 5 ғалаба ва 1 мағлубият билан 13-ўринда бораётган эди. Жамоа бошқа ғалабалари қаторида Испанияни ҳам таслим этган.
Учинчи эркаклар жамоаси Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) билан куч синашмоқда. Бунгача Олимпиададаги барча 5 та партиясини ғалаба билан якунлаган Асроржон Омонов (2347) зафарли сериясини давом эттирди — у тўртинчи тахтада Чарлтон Мнястуни (2236) мағлуб этди.
Олмос Раҳматуллаев (2418) Калеб Леви Левитан (2316) билан дуранг ўйнади. Саидакабар Сайдалиев ва Муҳаммадали Абдураҳмоновнинг партиялари материал тайёрланаётган вақтда ҳали якунланмаган эди. Ўзбекистон-3 ҳисобда 1,5:0,5 олдинда бормоқда.
Ўзбекистон биринчи аёллар жамоаси ўтган турда Грузиядан учраган мағлубиятдан сўнг Словения устидан 3,5:0,5 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Жамоа сафида Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Гулдона Каримова рақибаларини мағлуб этди, Нилуфархон Имомқўзиева эса ўз баҳсини дуранг билан якунлади.
Етти турдан сўнг биринчи аёллар жамоаси ҳисобида 11 жамоавий очко бор бўлиб, улар мақола эълон қилинган пайтда турнир жадвалининг 6-поғонасида турибди.
Ўзбекистон иккинчи аёллар жамоаси Тожикистонни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Мадинабону Халилова Нозанин Маҳмудовани, Мумтозбегим Мансурова Шукрона Машабовани ютди. Нилуфар Ёқуббоева Марворий Насриддинзода билан, Маржона Маликова эса Надежда Антонова билан дурангга имзо чекди.
Учинчи аёллар терма жамоаси Перуга қарши якунланган икки партия натижасига кўра 0:2 ҳисобида ортда қолаётган эди. Мафтуна Бобомуродова Мария Тереса Хименес Саласга, Шоҳина Аҳмедова эса Фиорелла Контрерасга имкониятни бой берди. Зилола Актамованинг Дейси Кори билан ва Озода Шаҳзодованинг Алейла Иларио билан партиялари тақдим этилган вақтда ҳали давом этаётган эди.
46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси Самарқандда 11 тур давомида ўтказилмоқда. Мусобақалар 27-сентабрда якунланади.
Ҳар бир жамоавий баҳсда тўрт нафар шахматчи дона суради, яна бир нафари эса захира аъзоси сифатида қайд этилади. Жамоавий ғалаба учун 2 очко, дуранг учун эса 1 очко берилади.
Вақт назорати: дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқа, сўнгра партия охиригача яна 30 дақиқа вақт ажратилади. Бундан ташқари, биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун ўйинчиларга 30 сониядан қўшиб борилади.

