Ердан 350 метр баландда футбол: Саудиянинг ноодатий стадион лойиҳаси кечиктирилди
Саудия Арабистонида 2034-йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати учун ердан қарийб 350 метр баландликда қурилиши режалаштирилган НЕОМ стадиони лойиҳаси номаълум муддатга кечиктирилди. Реутерс манбаларига кўра, 46 минг томошабинга мўлжалланган арена қурилиши режалари амалда тўхтатиб қўйилган.

Ердан 350 метр баландликда футбол: Саудиянинг ноодатий стадион лойиҳаси кечиктирилди
Стадион Тҳе Лине — «Кўзгули чизиқ» деб аталувчи улкан шаҳар лойиҳасининг бир қисми бўлиши керак эди. Дастлабки режага кўра, узунлиги 170 километргача етадиган бу чизиқсимон шаҳар НЕОМ мегалойиҳасининг марказий обьекти сифатида тақдим этилган.
Арена эса баланд иншоот ичида, ер сатҳидан тахминан 350 метр юқорида жойлашиши режалаштирилган эди. Саудия Арабистонининг жаҳон чемпионатини ўтказиш учун берган аризасида у «дунёдаги энг ноёб стадион» деб таърифланган.
Реутерс вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, лойиҳа номаълум муддатга тўхтатилганини хабар қилди. Бироқ Саудия расмийлари стадион қурилишининг тўхтатилгани ҳақида очиқ баёнот бермаган.
Бу хабар Тҳе Лине лойиҳасининг ўзи ҳам кечикишлар ва ҳажмини қисқартириш жараёнидан ўтаётган бир пайтда тарқалди. Шу сабабли уни дастлаб режалаштирилган кўламда амалга ошириш истиқболи ҳам савол остида қолмоқда.
НЕОМ стадиони 2034-йилги жаҳон чемпионати учун таклиф этилган 15 аренадан бири эди. Саудия Арабистони турнирни Ар-Риёд, Жидда, Ал-Хубар, Абҳа ва НЕОМ ҳудудларида ўтказишни режалаштирган.
Дастлабки режага кўра, мусобақагача 11 та янги стадион қурилиши, яна тўртта мавжуд арена эса реконструксия қилиниши ёки кенгайтирилиши керак.
Ҳозирча НЕОМ стадиони ўрнига бошқа арена таклиф этиладими ёки турнирда фойдаланиладиган стадионлар сони камаядими — номаълум. Бошқа стадионлардаги қурилиш ва янгилаш ишлари эса давом этмоқда.
2025-йилда Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси Тҳе Лине лойиҳасининг иқтисодий мақсадга мувофиқлигини баҳолаш учун маслаҳатчиларни жалб қилган эди. Бу қадам улкан лойиҳа харажатлари ва кўлами қайта кўриб чиқилаётганининг белгиси сифатида баҳоланган.

