Ер шари қизиши уйқумизга қандай таъсир қилмоқда?
2020 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда тунги юқори ҳарорат сабабли сайёрамиздаги ҳар бир инсон йилига

Ер шари исиши уйқумизга қандай таъсир кўрсатмоқда?
Ўзбекистоннинг жазирама ёзида қуёш тафти қайтмаган дим кечалар, тердан намланган чойшаблар, туни билан бир маромда айланиб иссиқ ҳавони ҳайдаётган паррак ва уйқусизлик – бу манзара юртимизда яшайдиган ҳар бир инсонга жуда таниш. Бутун ёз давомида бу ҳолат ҳар биримизни четлаб ўтмади, бироқ бедорлик фақат бизга эмас, балки бутун дунёга таҳдид солаётган глобал муаммонинг бир бўлагидир.
Олимлар ва тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, дунё бўйлаб ҳароратнинг кўтарилиши сабабли бедор кечалар одатий ҳолга айланиб бормоқда. Слимате Сентрал нодавлат ташкилотининг маълумотларига кўра, 2020-йилдан 2025-йилгача бўлган даврда тунги юқори ҳарорат сабабли сайёрамиздаги ҳар бир инсон йилига ўртача қарийб 56 соат уйқудан маҳрум бўлган.
Жазирама иссиқ кундузи мудроқ чақириши, лекин тунда тўлиқ ва сифатли ухлашга халақит бериши ғалати парадоксдек туюлади. Аслида эса уйқу ва тана ҳарорати бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Организм ўз ҳароратини тартибга солиш учун кўп энергия сарфлаганидан кундузи уйқусирайди. Ухлаш ва чуқур уйқу фазасида қолиш учун эса тана ҳарорати пасайиши керак. Тунги дим ҳаво уйқунгизни бузиши туфайли, тетиклик ва руҳий тикланишни таъминлайдиган чуқур уйқу фазаларини қисқартиради.
Қуруқ ҳаво нафас олишни қийинлаштирса, намлик юқори бўлган ҳудудларда тер самарали буғланмайди, бу эса тананинг табиий совишига тўсқинлик қилади. Сурункали уйқусизлик вақт ўтиши билан семириш, юрак-қон томир касалликлари, диабет ва депрессия каби жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин.
Тадқиқотчилар 1970-йилдан буён дунё бўйича аҳолиси 500 минг кишидан ошадиган жами 1338 та шаҳарни ўрганиб чиқдилар. Олимлар ҳаво қанчалик иссиқ бўлса, одамларга ухлаш шунчалик қийинлашишини аниқладилар. Энг оғир аҳвол Яқин Шарқда — айниқса Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликларида, шунингдек, Ҳиндистоннинг жанубида, Жануби-Шарқий Осиё ва Ғарбий Африканинг бир қанча мамлакатларида кузатилди. Энг кучли таъсир энг иссиқ мавсумларда, ёз ойларида ҳамда муссон олди иссиқ ва қуруқ даврда, шунингдек, аҳолининг энг заиф қатламлари: кондиционери бўлмаган ва уни сотиб олишга молиявий имконияти етмайдиган одамлар орасида қайд этилди. 2021-йилда бутун дунё бўйича хонадонларнинг бор-йўғи 35 фоизга яқини кондиционерга эга бўлган, бу эса бевосита даромад даражаси билан боғлиқдир.
Мутахассислар иссиқ кунларда кондиционерсиз ҳам уйқуни яхшилаш учун баъзи оддий тавсияларни беришади: кундузи кунчиқар деразаларни парда билан тўсиш, оқшом салқин тушганда хонада шабада ҳосил қилиш, иссиқ чиқарадиган маиший техникалардан фойдаланмаслик ҳамда енгил ва ҳаво ўтказадиган чойшаблардан фойдаланиш.
Шунингдек, вентилятордан фойдаланишда ҳам эҳтиёткорлик талаб этилади. Вентилятор ҳавони совитмайди, фақат тернинг буғланишига ёрдам беради. Бу эса кекса ёшли ёки хаста инсонларда тананинг сувсизланишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, бозорда пайдо бўлган ҳароратни бошқарадиган қимматбаҳо тўшаклар ҳам тадқиқотларга кўра уйқу сифатининг ошганини кўрсатмаган. Тадқиқотчилар қурилмалар орқали инсон танасидаги реаксияни ўрганишганда қиммат матрас уйқунинг физиологик сифатига (юрак уриши, нафас олиш, уйқу фазаларига) аслида ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган. Лекин одамлар "бу қиммат, ақлли матрас" деган ишонч ва ихлос сабабли ўзларини "яхшироқ ухладим" деб ҳис қилишган.
Шундай қилиб, тонггача хона ичидаги иссиқ ҳавони айлантириб турган паррак остида мириқиб ухлашга уринаётган ўзбекистонлик ҳам, дунёнинг бошқа бир нуқтасидаги минглаб одамлар ҳам бир хил табиат синови қаршисида туришибди. Иқлим ўзгариши глобал миқёсда давом этар экан, салқин ва тинч тунги уйқу инсоният учун борган сари қиммат ва камёб неъматга айланиб бормоқда.

