Иқтисодиёт

Ер қаъридан фойдаланиш лойиҳалари учун янги тўловлар белгиланмоқда

Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлик субьектларининг ер қаъридан фойдаланиш бўйича лойиҳаларини тасдиқлаш ва экспертизадан ўтказиш тартибини янгилаш режалаштирилмоқда. Лойиҳага кўра, геологик ўрганиш, конни ўзлаштириш ва техник-иқтисодий асосларга оид аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади, хизматлар учун эса лойиҳа қийматидан келиб чиққан ҳолда тўлов ундирилади.

Ер қаъридан фойдаланиш лойиҳалари учун янги тўловлар жорий этилмоқда

Ўзбекистонда ер қаъридан фойдаланиш соҳасида хусусий тадбиркорлик субьектлари лойиҳаларини тасдиқлаш тартибини такомиллаштиришга доир Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди.

Ҳужжат билан «Ер қаъридан фойдаланиш бўйича лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш таклиф қилинмоқда.

Янги тартиб ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш ва конни ўзлаштириш лойиҳаларини тасдиқлашни, шунингдек техник-иқтисодий асосларни кўриб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказишни қамраб олади.

Лойиҳага мувофиқ, бу ишлар Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси томонидан бажарилади. Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспексияси эса белгиланган масалалар юзасидан хулоса беради.

Геологик жиҳатдан ўрганиш ва конни ўзлаштириш лойиҳалари ҳамда техник-иқтисодий асосларни тасдиқлаш ёки экспертизадан ўтказиш учун аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали - ЯИДХП орқали топширилиши назарда тутилган.

Марказ кўрсатадиган хизматлар шартнома асосида амалга оширилади. Шартнома бўйича хизмат ҳақи 100 фоиз олдиндан тўланади.

Шу билан бирга, ариза топшириш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида алоҳида йиғим ундирилиши ҳам кўзда тутилган.

Лойиҳада хизматлар учун тўловлар фойдали қазилма тури ва лойиҳа йўналишига қараб фарқланиши белгиланяпти.

Жумладан, норуда фойдали қазилмалар бўйича геологик ўрганиш лойиҳасини тасдиқлаш учун лойиҳа инвестицион қийматининг 0,06 фоизи миқдорида тўлов белгиланади. Бироқ у БҲМнинг 20 бараваридан кам ва 50 бараваридан кўп бўлмаслиги керак.

Фойдали қазилмаларнинг асосий турлари ва углеводородларни геологик ўрганиш лойиҳалари учун ҳам 0,06 фоизлик ставка таклиф қилинган, бунда энг кам тўлов БҲМнинг 70 баравари, энг кўп тўлов эса 200 баравари бўлади.

Норуда фойдали қазилмалар бўйича конни ўзлаштириш лойиҳасини тасдиқлаш ва техник-иқтисодий асосни экспертизадан ўтказиш учун лойиҳа қийматининг 0,03 фоизи ундирилиши мумкин. Бу миқдор БҲМнинг 70 бараваридан кам ва 150 бараваридан кўп бўлмаслиги белгиланмоқда.

Асосий турдаги фойдали қазилмалар ва углеводородлар бўйича эса ставка 0,03 фоизни ташкил этиб, тўлов БҲМнинг 100 бараваридан 1000 бараваригача бўлиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.