Елвизак, музқаймоқ ёки кондиционердан шамоллаб қолиш мумкинми?

Елвизак, музқаймоқ ёки кондиционер сабаб шамоллаш мумкинми?
Кўпчилик совуқ нарса егандан ёки қарама-қарши эшик ва деразалар очиқ жойда ўтиргандан кейин шамоллаб қолиш мумкин, деб ҳисоблайди. Ростдан ҳам, кондиционер ишлаётган хонада узоқ вақт бўлгандан сўнг бурун оқиши, томоқ оғриғи каби белгилар пайдо бўлиши мумкин. Аммо шамоллаш юқумли касаллик бўлиб, бундай ҳолатлар ЎРВИ ривожланишига олиб келмайди.
Кондиционер туфайли шамоллаш мумкинми?
Бундай хонада қолган одам бироз вақт ўтгач ўзини ёмон ҳис қила бошлайди. Беморда томоқ оғриғи, бурун битиши, йўтал ва аксириш кузатилади. Белгилар ЎРВИ аломатларига жуда ўхшагани учун бу ҳолат кўпинча шамоллаш деб қабул қилинади.
Кондиционерлар ҳаводаги намликни тортиб олади ва бу нафас йўлларининг шиллиқ қаватига салбий таъсир кўрсатади. Натижада қуриган нафас йўллари суюқлик ишлаб чиқара бошлайди ва бурун оқади. Бундай ҳолат машинада узоқ юрганда ҳам тез-тез учрайди. Агар сиз кондиционер ёқилган машинани узоқ вақт бошқарсангиз, томоғингиз оғриши мумкин. Аммо машинадан чиққанингизда ўзингизни енгил ҳис қиласиз.
Шунингдек, одамлар кўпинча сафар пайтида касал бўлиб қолади ва бунга ҳароратнинг кескин ўзгариши сабаб бўлди, деб кондиционерни айблайди. Аслида эса улар гавжум жойларда жуда кўп вирусга дуч келишини ўйлаб ҳам кўрмайди. Аеропортлар ва вокзалларда касаллик юқтириш эҳтимоли юқори.
Хулоса қилиб айтганда, салқин ҳаво зарарли эмас, бироқ қуруқ ҳаво ва ундаги вируслар касалликка чалиниш хавфини оширади. Инфексион хасталиклар ривожланиш эҳтимолини камайтириш учун қўлларни доимо совун билан яхшилаб ювиш, сочиқ ва идишларни алоҳида ишлатиш, кир қўллар билан кўз ва бурунга тегмаслик керак.
Елвизакдан шамоллаш мумкинми?
Совқотиш, кондиционер ишлаётган хонада ўтириш ёки сочларни ювиб кўчага чиқиш ЎРВИ келтириб чиқармайди. Аммо нега совуқ мавсумда одамлар тез-тез касал бўлади?
Бир назарияга кўра, совуқ ҳаводан нафас олиш бурун ва юқори нафас йўлларидаги томирларнинг торайишига олиб келади, бу эса қон оқими ва иммунитетни пасайтиради. Шу сабаб қишда ўткир респиратор касалликлар сони ортади.
Кўплаб одамлар елвизакдан қўрқади ва қишда тез-тез ҳаво алмаштирмайди. Аммо елвизак — бу одатий ва нормал ҳаво оқими бўлиб, хоналарни шамоллатиш вирусларга қарши курашишнинг энг яхши усулидир. Агар инфексияланган одам ёпиқ жойда қолса, вируснинг тарқалиши ва кўпайиши тез содир бўлади ва инфексия юқиш хавфи юқори бўлади.
Хитойлик олимлар уч мингдан ортиқ талаба иштирокида тадқиқот ўтказди ва хона шамоллатилмаса, касалланиш кўпайишини аниқлади. Масалан, олти кишилик хонада яшовчилар уч кишилик хонада яшовчиларга қараганда кўпроқ касал бўлган. Демак, уйга ташқаридан қанчалик кам ҳаво кирса, инфексияни юқтириш хавфи шунчалик юқори бўлади.
Музқаймоқ ейиш сабаб касал бўлиш мумкинми?
Томоқ оғриғининг энг кенг тарқалган сабаблари бактериялар, вируслар ва чекишдир. Яхна ичимликлар ёки ширинликларни истеъмол қилиш касаллик хавфини оширмайди.
Бундан ташқари, шифокорлар томоқдаги ноқулайлик ва оғриқни камайтириш учун салқин таомларни истеъмол қилишни, ҳатто музқаймоқ ейишни ҳам тавсия қилади.

