ЕИнинг барча давлатлари рози: Украина ва Молдова учун музокараларнинг янги босқичи очилади
Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар Украина ва Молдованинг Иттифоққа қўшилиши бўйича музокараларда яна иккита тематик кластерни очишга келишди. Улар «Ички бозор» ҳамда «Рақобатбардошлик ва инклюзив ўсиш» йўналишларини қамраб олади.

ЕИга аъзо барча давлатлар розилик билдирди: Украина ва Молдова учун музокараларнинг янги босқичи очилади
ДВ хабарига кўра, Ирландиянинг Европа ишлари бўйича вазири Томас Бирн бу ҳақда 12-октабр куни Х ижтимоий тармоғида маълум қилган.
Унинг айтишича, ЕИ давлатлари Украина ва Молдова учун иккинчи ва учинчи кластерларни очиш, Албания билан музокараларда 17-, 18- ва 19-бобларни, Черногория билан эса 20-бобни ёпиш борасида келишувга эришган.
Украина учун янги кластерларни очишда Венгриянинг розилигини олишда таълим тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартишлар муҳим рол ўйнаган.
12-октабр куни Украина Олий Радаси миллий озчиликлар ҳуқуқларига оид ушбу ўзгартишларни икки ўқишда ва бутунлай маъқуллаган. Кечқурун депутат Ярослав Железняк қонунни президент Володимир Зеленский имзолаганини билдирган.
ЕИга қўшилиш бўйича музокаралар олтита йирик тематик гуруҳ — кластерга бўлинган. Улар қонунчилик ва давлат сиёсатининг турли йўналишларини қамраб олади. Музокаралар жараёнида номзод давлатнинг ЕИ қоидалари ва стандартларини қўллашга тайёрлиги баҳоланади.
Кластерлар «Асослар», «Ички бозор», «Рақобатбардошлик ва инклюзив ўсиш», «Яшил кун тартиби ва барқарор ўзаро боғлиқлик», «Ресурслар, қишлоқ хўжалиги ва ҳамжиҳатлик» ҳамда «Ташқи муносабатлар» деб аталади.
Украина учун биринчи — «Асослар» кластери 15-июн куни очилган эди. Янги кластерларни очиш аъзоликка қабул қилишнинг ўзи эмас, балки тегишли соҳалар бўйича музокараларни бошлаш босқичидир.
Аввалроқ, 5-октабрда ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос Украина ва Молдова учун икки кластерни 13-октабр куни Люксембургдаги ҳукуматлараро конференсияда очиш мумкинлигини айтган эди. Конференсия ЕИнинг Умумий ишлар бўйича кенгаши йиғилиши доирасида ўтказилиши режалаштирилган.
Коснинг таъкидлашича, Украина ва Молдова жуда мураккаб шароитда тизимли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Шунга қарамай, улар ЕИга қўшилиш музокараларида етакчилик қилаётган тўрт мамлакат қаторига киради.
Еврокомиссия номзод давлатлардаги ислоҳотларнинг барча йўналишлари бўйича батафсил баҳосини 28-октабрда, кенгайишга оид йиллик ҳисоботида эълон қилиши кутилмоқда.
Марта Кос Украина бир вақтнинг ўзида ўз мавжудлигини сақлаб қолиш учун курашаётгани ва ЕИга қўшилиш жараёнида иштирок этаётганини таъкидлаган. Унинг айтишича, Киев бюджет ва армия эҳтиёжлари учун қўшимча маблағ олиш мақсадида ҳам ислоҳотларни давом эттириши керак.

