ЕИҲС Россияга қарши қарийб 900 та ишни ёпди
Европа инсон ҳуқуқлари суди (ЕИҲС) ресурслар етишмаслиги сабаб Россияга қарши берилган 879 та индивидуал шикоятни кўриб чиқишни тўхтатди. Суд бу ишлар бўйича зарур бўладиган катта ҳажмдаги ресурсларни сарфлашни асосли деб ҳисобламаслигини билдирди.

ЕИҲС Россияга қарши қарийб 900 та ишни ёпди
Европа инсон ҳуқуқлари суди (ЕИҲС) 3-сентабр куни Россияга қарши берилган 879 та индивидуал шикоятни кўриб чиқишни тўхтатишга қарор қилди. Страсбургда жойлашган суд бу қарорни мавжуд ресурсларни тақсимлаш зарурати билан изоҳлади.
«Индивидуал ишларни кўриб чиқиш учун талаб этиладиган катта ҳажмдаги суд ресурсларини сарфлашни асосли деб ҳисоблаб бўлмайди», - дейилади суд баёнотида.
Кўриб чиқилиши тўхтатилган ишлар орасида Россияда сиёсий мухолифат вакиллари ва фаолларга муносабат, репрессив деб баҳоланган қонунчилик, шунингдек сўз ва йиғилишлар эркинлигининг чекланиши билан боғлиқ шикоятлар бор.
Суд баёнотида ЕИҲС шунга ўхшаш ишлар бўйича ўз позициясини аввал ҳам етарлича билдиргани қайд этилган.
Россия 2022-йилда Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан кейин Европа Кенгаши аъзолигидан чиқарилган. Шундан кейин ҳам ЕИҲС Россиянинг ташкилотдан чиқарилишигача бўлган даврда содир бўлган воқеаларга оид ишларни кўриб чиқишда давом этган.
Айни пайтда Москва ЕИҲСнинг ўзига нисбатан чиқарилган қарорларини тан олмаслигини билдирган ва белгиланган пул компенсацияларини тўлашдан бош тортмоқда.
ЕИҲС маълумотига кўра, 879 та ишни кўриб чиқишни тўхтатиш тўғрисидаги қарор якуний ҳисобланади. Бироқ суд бу Россиянинг халқаро ҳуқуқий жавобгарлиги бекор қилинганини англатмаслигини алоҳида таъкидлаган.
Зарурат туғилса ва тегишли ҳолатлар юзага келса, айрим ишлар бўйича иш юритиш қайта тикланиши мумкин. Шу билан бирга, Россиянинг Украина ва Гуржистон билан боғлиқ урушларига оид ишлар ЕИҲС томонидан кўриб чиқилишда давом этади.
Кўриб чиқилиши тўхтатилган ишлар бўйича аризачилардан бири Коррупсияга қарши кураш фондининг собиқ директори Иван Жданов бўлган. У ЕИҲС қарорини тушуниш билан қабул қилганини билдирган.
Ждановнинг фикрича, ЕИҲСдаги жараён томонларнинг ўзаро тортишуви тамойилига асосланади. Агар томонлардан бири эътирозларини тақдим этмаса ва суд қарорларини бажармаса, бундай шароитда суднинг самарали фаолият юритиши қийинлашади.

